Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«16 ёшда 7 балл IELTS, таълим кластери» — 13 давлатда бўлган ўзбек йигити ҳикояси

«16 ёшда 7 балл IELTS, таълим кластери» — 13 давлатда бўлган ўзбек йигити ҳикояси

Саидакбар Икрамов.

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореядаги SolBridge Халқаро бизнес мактаби талабаси Саидакбар Икрамов.

Қаҳрамонимиз ҳозир Португалиядаги Порто университетида алмашинув дастури бўйича таҳсил олмоқда.

16 ёшимда IELTS’дан 7 балл олганман

Андижон шаҳрида туғилиб-ўсганман ва 31-умумтаълим мактабида таълим олганман. Болалигимдан инглиз тилига қизиқишим юқори эди ва мактаб даврлариданоқ инглиз тилини катта қизиқиш билан ўрганишга ҳаракат қилдим. Ота-онам зиёли бўлганлари учун таълим-тарбиямизга алоҳида эътибор беришган.

Мактабнинг 8-синфидан бошлаб Андижон шаҳридаги «Тараққиёт» ўқув марказида инглиз тилини янада чуқурроқ ўрганишни бошлаганман ва 16 ёшимда халқаро IELTS имтиҳонидан 7 балл олганман. Бу менга янги имкониятлар ва хориж эшигини очган десам, тўғри бўлади.

Олий таълим олиш учун олийгоҳлар қидираётган вақтим жуда кўп давлатлар ва университетлар ҳақида ўргандим, охир-оқибат Жанубий Кореяни ўзим учун кейинги манзил сифатида танлаганман. Бунга асосий сабаблардан бири мамлакатдаги ўқув муассасаларнинг менга кўпроқ миқдорда грант бериши ва давлат ривожланганлиги аҳамиятга эга бўлган.

 TOP 15 фоиз талабаларга бериладиган грантга эришдим

Жанубий Кореяда ўқиётган вақтим анча вақт 100% грант асосида ўқиш учун ҳаракат қилганман ва 2 йил деганда ота-онам дуолари ва дўстларим кўмаклари сабаб TOP 15% талабаларга бериладиган грантга эришдим.

Шундан сўнг университетимдаги мавжуд имкониятга кўра, Европага 1 семестр алмашинув дастури орқали бориб ўқишга қизиқдим ва Португалия давлатига келдим.

Ҳозир Порто университетида ўқияпман. Олийгоҳ дунё рейтингида 274-ўринда туради. Бу йил мен ўқийдиган иқтисодиёт факультети «subject score» яъни, университетларнинг ҳар бир йўналишдаги жаҳон рейтингида TOP-50 талик рўйхатдан жой олди.

Университет 1911 йил ташкил этилган, тиббиёт ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Порто талабаси бўлиш учун эса, асосан IELTS имтиҳонидан минимум 6 балл, мотивацион иншо, мактаб/лицей баҳолари, қабул интервьюсидан аъло ўтиш талаб этилади.

Эркинлик ва креативлик ёқади

Менга эркинлик ва креативлик ёқади, қолаверса стартап лойиҳаларим ва бизнесларимни амалга оширишни хоҳлайман. Шу сабабли ҳам бизнес бошқаруви ва маркетинг бўйича таълим олишга қарор қилдим. Ҳар қандай соҳа вакили пулни тўғри бошқаришни ва қаерга ишлатишни билиши керак ва бунда бизнес бошқарувидаги билимларнинг аҳамияти юқори.

Умуман дунёнинг ривожланган давлатлар тараққиётида хусусий секторнинг аҳамияти улкан бўлган. Аниқроғи, хусусий компаниялар жаҳон бозорига чиқиш орқали мамлакатга катта фойда олиб келади. Мен ҳам келажакда жаҳонда таниқли компанияга асос солишни ният қилганман.

 Samsung, LG ва Hyundai...

Жанубий Корея ва Португалияда ҳар йили минглаб стартап мусобақалари ўтказилади. Бундай мусобақаларда асосан талабалар лойиҳалари билан иштирок этади. Лойиҳаларни баҳолайдиган ҳакамлар таркиби асосан катта компанияларнинг HR директорлари ва бошқарувчиларидан иборат.

Жанубий Кореяда ўқиётган вақтим Samsung компаниясидан келган вакиллар университетимизда ўтказилган халқаро стартап танловининг ҳакамлари сифатида иштирок этган эди. Кейин танлов сўнггида бир нечта талабаларнинг бизнес лойиҳаларини Samsung’да жорий қилиш учун танлаб олишган.

Португалияда ҳам бу семестр мамлакатдаги нуфузли «Portugal Bugs» компанияси университетимизга келиб биздан улардаги муаммоларга ечим топишишимиз учун кейс-топшириқлар беришган. Очиғи, жараён жуда қизиқ, ҳозир шу бўйича изланишлар қиляпмиз.

Яна бир қизиқ маълумот айтмоқчиман, Жанубий Корея Ялпи ички маҳсулотининг (GDP) 60% «Chaebol»лар яъни, йирик оилавий бизнес конгломератлари ташкил қилади. Бундай конгломератларнинг энг машҳурлари  Samsung, LG ва Hyundai кабиларни келтириш мумкин.

Бизнес - муаммога ечим бериш

Фикримча, тадбиркор инсонда бўлиши керак бўлган энг муҳим сифатлар бу – мослашувчанлик, қатъийлик, жамоа билан ишлай олиш қобиляти, сабрлилик, йиқилишларга чидамли бўлиш, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқара олиш, креативлик ва лидерлик.

Тадбиркор инсоннинг ҳаёти ва бизнеси доим бир теккисда бўлмайди, унда доим паст-баландликлар учрайди. Шунинг учун қийин вақтларда қилган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб сабр билан ана шундай ҳолатлардан чиқиб кета олиш жуда муҳим.

Яна бизнес маълум бир инсон томонидан қандайдир муоммога ечим бериш, шунинг учун ҳам тадбиркор инсон доим креатив бўлиши лозим. Чунки муоммоларга ечим топиш учун унга ҳеч ким қарамаган ракурсдан қараб кўриши керак. Катта ишларни амалга оширмоқчи бўлган ишбилармонга аҳил жамоа, уни тўғри шаклантириш ва бошқаришга лидерлик сифати зарур. Ҳар қандай бизнес муҳитга кўникиш учун тадбиркор мослашувчан бўлиши ҳам талаб этилади, деб ўйлайман.

3 йил менга кўп сабоқлар берди

Хориждаги охирги 3 йил ҳаётим менга кўп сабоқлар берди. Оила аъзоларингиздан узоқда юрган вақтингиз барча ишлар фақатгина ўзингизнинг бўйнингизда бўлади ва бу сизга катта масъулият юклайди, мусофир бўлган инсон ҳаётда қийинчиликларга бардош бериш ва сабрли бўлишни ўрганади.

Мен хориждаги ҳаётим давомида доимо шукур қилиш ва ҳаракатда бўлишни ўргандим, боиси фаол бўлган инсон ҳамиша ҳаётда нимадирга эришади. Чет элда юрган вақтингиз менда вақт йўқ, пул йўқ, шароит йўқ ёки шунга ўхшаш баҳоналар бефойда эканлигини англайсиз. Натижада, ҳаракат қиласиз ва бу муваффақиятга эришиш учун энг асосий омиллардан бири.

Жанубий Кореяда яшаб ва Европанинг 12 та давлатида саёҳат қилиб мен турли хил инсонларни учратдим ва улар билан суҳбат қуриб дунёқарашим анча ўзгарди. Ҳар бир учратган ва суҳбатлашган инсондан энг камида битта бўлса ҳам нарса ўрганасиз. Мен бир нарсани аниқ тушуниб етганман, инсон  қандай вазиятда бўлмасин ҳаракат қилса, у албатта натижага эришади.

Боғчадан университетгача...

Ўқишимни битиргач бир неча йил хорижда ишлаб тажриба орттирмоқчиман. Болаликдан таълим тизимини яхши тушуниб ва ўрганиб келганман, шунинг учун режаларим таълим билан боғланган. Аниқроғи, келгусида ўзимнинг таълим кластеримни яратган ҳолда боғчадан тортиб университетгача ўқув муассасалари очиш ниятим бор.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг