Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактаб биноси 53 йил деганда таъмирланди, бироқ...

Мактаб биноси 53 йил деганда таъмирланди, бироқ...

Фото: Адолат матбуот хизмати

Қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланиш учун топширилган мактабларнинг янги ўқув йилига ҳолати қандай?  Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари Шайхонтоҳур туманидаги 192-умумтаълим мактабида ўрганишда  бўлди. Мазкур таълим маскани 1966 йилда қурилган бўлиб, сўнгги йилларда таъмирталаб аҳволда эди. Жорий йилда ушбу ўқув муассасаси давлат томонидан қайта таъмирдан чиқарилиб,  янги ўқув йилига фойдаланиш учун топширилди. Бироқ, шу ўринда савол туғилади. Мактаб биносида таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилдими? Реконструкциядан сўнг мактабдаги шароитлар белгиланган талабларга жавоб бера оладими? Ўқувчилар учун синфхоналарда қандай қулайликлар яратилди?

Ўрганишлар жараёнида тегишли мутасаддилар томонидан бинодаги капитал таъмирлаш охирига етказилмаганлигига  гувоҳ бўлдик, - дейди депутат Улуғбек Саматов. – Хусусан, мактабнинг Ахборот ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналаридаги таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмас. Бу эса, ўқитувчи ва ўқувчиларга таълим жараёнида ноқулайликларни келтириб чиқариши шубҳасиз.

Бундан ташқари, кимё ва физика лабаториялари техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги кузатилди. Мавжуд ускуналар ҳам, шунча йил ичида яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди. Энди бир ўйлаб кўринг, анашундай эскирган техника билан кимё, физика ва биология фанларида қандай лаборатория машғулотларини  ўтказиш мумкин.

«Тегма тўкиламан» ҳолидаги асбоблар билан дарснинг сифатли ташкиллаштирилишига ким кафолат беради? Ярим-чала ҳолатдаги лаборатория хонасида ўқувчилар қандай қилиб кашфиётлар яратиши мумкин. Албатта, бу ачинарли ҳол. Бироқ, айни дамда бизнинг фарзандларимиз мана шу хоналарда билим олишмоқда. Шунингдек, 960 ўринга мўлжалланган мактаб ошхонасида гигиеник қоидаларга риоя қилинмаслиги аниқланди. Ўқитувчилар билан бўлган суҳбат чоғида ушбу ошхона ишчи-ходимлар ҳамда маҳалла  аҳли билан ҳашар йўли орқали қурилганлиги маълум бўлди.

Синфхоналар кўздан кечирилар экан, «Информатика» хонасига кўзимиз тушди. Очиғи бугунги технология ривожланган даврда, мактабларда компьютерлар етишмаслиги кишини ҳайрон қолдиради. -  Айни вақтда мактабимизда 1088 нафар ўқувчи таълим олади, -  дейди фан ўқитувчиси  Наима Мансурова. – Бироқ, дарс жараёни учун бор-йўғи 15 дона компьютер ажратилган. Ўқувчиларга керакли билим ва амалиётни ўргатишимиз учун, етарлича компьютерлар жамланмаси берилиши лозим.  

Ўрганиш давомида синфхоналарнинг пол қисми носозлигини, яроқлилик ҳолатини текшириб кўрдик, - дейди «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Бахром Валиев. – Шуниндек, ювиниш хонасида  қайта таъмирлаш ишлари охирига етказилмаганига яққол амин бўлдик. Албатта, ўрганиш якунида ҳолат юзасидан тегишли масъуллар билан масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Қарийб, 53 йил деганда таъмирланган таълим масканида ишлар тўлиқ охирига етказилмагани адолатданми? Бу жараёнга ким масъул эди? Ижрочи мутасаддиларми ёки мактаб маъмурияти?  Нима бўлганда ҳам эртанги кунимиз бўлган бугуннинг ниҳолларига  шароит тўлалигича яратилиб берилганда, нур устига аъло нур бўлган бўлар эди.

Ҳолат юзасидан ҳозирда ишчи гуруҳ вакиллари масъул ташкилотлар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Умид қиламизки, яқин кунларда чала қолган таъмирлаш ишлар ижрочилар томонидан охирига етказилиб, мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар учун қулайликлар таъминланади.

Мавзуга яна қайтамиз.

Моҳимбегим Тешабоева,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
Туманлараро ижрочи котиби

 

 

 

 

 

 

 

      

   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг