Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ОТМларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланди

ОТМларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланди

Фото:«ЎзА»

Бугун 29 июлдан Ўзбекистон ОТМларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича тест синовлари бошланди.

Тест синовлари ўтказиладиган биноларга бориш йўналишларида йўл кўрсатгичлари ўрнатилиб, ҳар бир ҳудудда тест синовлари жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилишига жиддий аҳамият берилди. Хусусан, абитуриентларнинг ҳудуд ташқарисидаги ва ичкарисидаги тўпланиш жойларида соя-салқин жойлар – махсус соябонлар, «микроклимат»  тизими ташкил этилди.

Йўловчи ташувчи транспортларнинг ўз вақтида ва узлуксиз қатнови таъминланмоқда. Бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг тест синовларига белгиланган вақтда етиб келишини таъминлаш учун барча ташкилий ишлар – транспорт, йиғилиш жойларини ва вақтини белгилаб олиш каби тадбирлар амалга оширилмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларда тиббий навбатчилик йўлга қўйилган. Тест ўтказиладиган бинолар кузатув камералари ва шахсни идентификациялаш воситалари билан жиҳозланди.

Тест синовларининг умумий жараёни ДТМ томонидан рухсат берилган Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши аъзосининг кузатуви остида абитуриентларга халақит бермаган ҳолда биринчи сменада 10:00 дан 10:20 гача, иккинчи сменада 17:00 дан 17:20 гача бўлган вақтларда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суратга олинишига рухсат этилади.

Давлат тест маркази маълумотига кўра, республика бўйича жами 60 олий таълим муассасаси ва уларнинг 30 филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 абитуриент рўйхатдан ўтган. Уларнинг 718 минг 97 нафари кундузги таълим шаклига, 13 минг 821 нафари кечки таълим шаклига, 335 мингдан зиёди сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширган.

Аввалроқ, Тошкентда имтиҳон кунлари автобуслар қатнови бир соат аввал бошланиши хабар қилинган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг