Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими тизимида «Khan Academy» электрон платформасидан фойдаланилади

Халқ таълими тизимида «Khan Academy» электрон платформасидан фойдаланилади

«Билим онлайн» нодавлат нотижорат ташкилотининг «Юқори сифатли таълимни ҳар жойда ва ҳаммага тақдим этиш» шиори остида фаолият кўрсатувчи «Khan Academy» электрон платформасини Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек тилига мослаштириш ҳамда келгусида уни янада оммалаштириш кўзда тутилмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида мустақил таълим олиш учун тавсия этиладиган мазкур платформада математика, ахборот технологиялари, физика, кимё, биология, астрономия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, молия, иқтисодиёт ҳамда бошқа фанлар бўйича 10 мингдан ортиқ бепул маърузалар коллекцияси тўпланган. Айни пайтда жаҳоннинг 190 мамлакатида унинг 36 тилдаги видеодарслари ва электрон таълим ресурсларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, платформадаги мавжуд таълим ресурслари жаҳон стандартларига мос равишда ишлаб чиқилган бўлиб, бу таълим олувчиларнинг эркин ҳамда мустақил билим олишини таъминлайди. Энг муҳими, ҳар қандай ўқувчи мактаб дарсликларидаги билимини платформадаги «текин репетитор» — видеодарслар кўмагида мустаҳкамлаб бориши мумкин.

Шу ўринда «платформадаги мавжуд таълим ресурсларини ўзбекча «гапиртириш»дан мақсад нима?! » деган савол туғилиши табиий. Таъкидлаш ўринлики, унинг юртимизда оммалаштирилиши нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларни ҳам онлайн дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар, дунёнинг янги педагогик технологиялари билан кенг таништириш, замонавий таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда интернет орқали тарқатиш имконини беради. Қолаверса, бу ўқитувчиларга замонавий янги ўқитиш методикаларини қўллашни ўргатишга ва умумий ўрта таълим муассасаларида билим бериш жараёнини кучайтиришга хизмат қилади. Бепул ҳамда сифатли онлайн билим олиш имкониятининг яратилиши эса таълим сифатининг ошишини таъминлайди. Буларнинг барчаси, пировардида, кенг жамоатчиликнинг назарий ва амалий кўникмаларини шакллантириб, аҳоли билим даражасини янада юксалтиради, дейилади вазирлик хабарида.

«Khan Academy» электрон платформасининг ўзига хослиги, у орқали олинадиган масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил таълим олиш имкони яратилади. Шу билан бирга, платформанинг Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек тилига мослаштирилиши ва унинг мукаммал таржимаси она тилимизни янада бойитади. Таълим, илм-фан оламидаги энг сўнгги янгиликларни мамлакатимиз аҳлига ўзбек тилида етказиб бериш имкони туғилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг