Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими вазирлиги Британия Кенгаши билан янги лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилади

Халқ таълими вазирлиги Британия Кенгаши билан янги лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилади

Халқ таълими вазирлиги ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мактабларда инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилиш лойиҳаси Future English («Келажакдаги инглиз тили») доирасида ҳамкорлик қилади.

2019 йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар режаси тўғрисидаги келишув хатини имзолади.

Future English лойиҳаси Британия Кенгашининг таълим тизимида инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишда сифатни таъминлашга қаратилган глобал стратегик режасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келгусидаги инновацияларни татбиқ этишга ҳамда ривожлантиришга туртки бўладиган тадқиқот ўтказишни кўзда тутади.

Лойиҳанинг асосий мақсади - меҳнат бозорига кириб бораётган ёки олий таълим олишга интилаётган мактаб битирувчиларининг инглиз тили даражаси бўйича кўтарилаётган ва қайта-қайта таъкидланаётган муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда инглиз тилини ўқитишдаги миллий сиёсат ва муҳим стратегияларни яратишда қўл келадиган, халқаро маълумотлар стандартлари билан таққосланиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар танқислигини бартараф этишга қаратилган.

Мазкур лойиҳа мавжуд муаммоларни аниқ ва ишончли далиллар тўплаган ҳолда сифатли тадқиқот ўтказиш ҳамда натижалардан келиб чиқиб, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши ва малака оширишига кўмаклашиш орқали ҳал этишни кўзда тутган. Future English лойиҳа йўналиши инглиз тилини ўқитиш сиёсатини янада самаралироқ ривожлантиришда фойдали бўлувчи маълумот ҳамда натижаларни глобал ва минтақавий даражада таққослаш имконини беради. Вақт ўтиши билан маълумотларнинг янгиланиб бориши энг сўнгги тенденцияларни аниқлаш имконини беради ҳамда миллий тараққиётда инглиз тилининг роли ва таъсирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Aptis for Teens тести асосида 9-10-синф ўқувчиларининг инглиз тили бўйича билимлари баҳоланади. Лойиҳага камида 150 та маҳаллий мактаблар жалб этилиши кутилмоқда. Олинган маълумотлар асосида ҳисобот тайёрланади ва унинг асосида режалар белгиланиб олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг