Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири: «Эътибор ва эътироф энг яхши мотивация» (фото, видео)

АКТ вазири: «Эътибор ва эътироф энг яхши мотивация» (фото, видео)

Бугун, 10 май куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари ва коммуникация йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда видеоконференцалоқа тарзида тадбир ўтказилди.

Маросимда Алоқа ходимлари куни муносбати билан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг идоравий мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходим ва раҳбарлари онлайн тартибда иштирок этишди. Марказий студияда эса уларни АКТ вазири Шуҳрат Содиқов табриклади.

– Эътибор ва эътироф инсонни янада яхши ишлашга ундайдиган мотивация, –  деди вазир Шуҳрат Содиқов. – Анъанавий тарзда ҳар йили меҳнатда катта ютуқларга эришган, ҳамкасбларига намуна бўлиб ишлаётганларга вазирликнинг идоравий мукофотлари бериб келинади. Карантин сабабли бу йилги тақдирлаш маросимини ҳам онлайн равишда ўтказяпмиз. Шу синовли даврда алоқачилар бир зум бўлса-да, иш фаолиятларини тўхтатганлари йўқ. Соҳа корхона ва ташкилотлари барча йўналишларда тўхтовсиз фаолиятларни олиб боришди. Албатта, бундай пайтда сиз соҳа ходимлари фидойилик намуналарини кўрсатдингиз ва кўрсатяпсиз. Самарали хизматларингиз учун миннатдорлик билдираман.

Дастлаб, вилоятларда ташкил қилинган студияларда соҳа равнақи йўлида меҳнат қилаётган ходимларга идоравий мукофотлар тантанали равишда топширилди. Сўнгра марказий студияга таклиф қилинганларга АКТ вазири Шуҳрат Содиқов вазирликнинг «Моҳир алоқачи», «Фахрий ёрлиқ» ва «Ўз касбининг устаси» мукофотларини топширди. 

Маросим якунида меҳмонлар учун АКТга ихтисослаштирилган мактаб бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари ва коммуникация йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йили ташкил қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг