Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазири «Ҳукумат соати»да депутатлар саволларига жавоб берди

АКТ вазири «Ҳукумат соати»да депутатлар саволларига жавоб берди

Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди. Унда ахборот технологияларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, муаммолар ва ечимлар муҳокама қилинди.

Депутатларнинг саволларига ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов жавоб қайтарди.

Соҳада ўтган 9 ой мобайнида, жами 7,9 триллион сўмлик, жумладан, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 546,6 миллиард сўмлик компьютер дастурлаш хизматлари кўрсатилган. Уларни экспорт қилиш ҳажми 102,5 миллион долларни ташкил этган. Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 82,8 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, белгиланган режа 153 фоизга бажарилган.

Телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш йўналишида оператор ва провайдерлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с ни, фойдаланилаётган сиғими 650,0 Гбит/с ни ташкил этган бўлиб, йил бошига нисбатан 48,1 фоизга ўсган.

Мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 1 минг 605 база станцияси ўрнатилди, шундан 132 таси «Обод қишлоқ» дастурига киритилган ҳудудларга тўғри келади. Интернет каналларининг улгуржи нархи 1 Мбит учун 70 минг сўмни ташкил этади ва жорий йил бошига нисбатан 28 фоизга арзонлаштирилди. Хўжалик юритувчи субъектлар, телекоммуникация тармоқлари оператор ва провайдерлари томонидан 650 дан ортиқ Wi-Fi тармоғи орқали интернетга уланиш нуқталари ишга туширилди. Кенг полосали технологиялар асосида юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сони 1,2 миллионтага етказилди.

«Ҳукумат соати»да депутатлар томонидан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги кўзга ташланаётган бир қатор муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 183-банди ижросини якунига етказиш, аҳолининг тез ҳамда сифатли интернет хизматларидан фойдаланиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида тегишли дастурларни ўз вақтида амалга ошириши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш лойиҳасини бажариш соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиб, мазкур лойиҳани тўлиқ якунига етказиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинди.

Шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларининг интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти кўрсаткичлари халқ таълими (31 фоиз), мактабгача таълим (29 фоиз) ва тиббиёт муассасалари (31 фоиз) мамлакатдаги барча ижтимоий инфратузилма объектларининг сонига олиб қараганда жуда паст бўлиб, мазкур кўрсаткичларни кескин ошириш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш юзасидан таклифлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг