Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чорловга шаймисиз? Яқин келажакда дунёни «нол» ва «бир» бошқаради!

Чорловга шаймисиз? Яқин келажакда дунёни «нол» ва «бир» бошқаради!

Саноат инқилоби ХХ аср идеологиясини белгилаб бергани сингари, бугун ахборот технологиялари инқилоби ҳам янгича фикрлашни талаб қилмоқда. Бизни яна қандай чорловлар кутмоқда, яқин келажак яна қандай ижтимоий-сиёсий моделларни «туҳфа» этади? Ким билсин, балки технология ривожини тўхтатиб, виртуал оламдан ортга, яна халқона ҳаётимизга, қадимий анъаналарга қайтиш керакдир?

Биз билган дунё кўз ўнгимизда буткул ўзгариб боряпти, технология сингари қадриятлар ҳам ўзгаришга мажбур бўлаётгани — аччиқ ҳақиқат. Қаерга кетаётганимизни, нима қилиш кераклигини, қандай қобилиятга эга бўлишни тушунмай қоляпмиз баъзида. Атроф-муҳит тўхтовсиз зарарланиб бориши, оммавий қирғин қуроллари, ҳам яхши, ҳам зарар учун ишлатилиши мумкин бўлган илғор технологиялар бу масалаларни ечиш учун вақт ҳам қолдирмаяпти. Фикримча, технологиянинг улкан кучини тўғри ишлатиш учун инсоният ҳаётнинг мазмунини, оламнинг барча масалалари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши керак! Ваҳима эмаски, технологиялар ривожи инсоният олдида бир қанча муаммоларни кўндаланг қилиб қўйди. Шунингдек, ҳозирги вақтда фаннинг кучи шу даражада юқорики, технология инсонлар асаб тизимидаги ҳар қандай эҳтимолларни ҳисоблайдиган миллиардлаб мия нейронларини ҳам тадқиқ этишга қодир.

Биринчидан, яқин келажакда сунъий интеллект инсон иш ўринларини бутунлай эгаллайди. Бу эса яқин келажакда инсон олдида янги касбларни, ноёб билимларни эгаллаш заруратини вужудга келтиради. 2050 йилга бориб сунъий интеллект ва автоматлаштирилган машинани ўрганиш инсонлар ишининг одатий шаклларини буткул ўзгартиради. Хўш, бу ўзгаришларнинг табиати қандай бўлади? Шу жойда фикрлар қоқ иккига бўлиниб кетди: баъзи экспертлар бир неча ўн йиллар мобайнида миллиардлаб одамлар ишсиз қолишидан хавотир билдиришаётган бир пайтда, бошқалари иш ўринлари кўпайиб, инсонлар яна бир малакага эга бўлишларига ишонишади. Қайси бири тўғри — ҳозир айтиш қийин.

Яқин келажакда компютер ҳайдовчининг, банкирнинг, пиёданинг, адвокатнинг ишига осонликча жавоб бериши мумкин. Неврология ривожланиб, пиёда ёки музокарачиларнинг ниятларини олдиндан кўра олиш қобилятига бўлади. Яъни олдиндан ҳар қандай тахминларни ечиб чиқадиган, миллионлаб эҳтимоллар ичидан аниқ бирортасини топадиган даражада тез ҳисоб-китоб қиладиган нанотехнологиялар пайдо бўлиши юқоридаги фикрларга асос бўлади (АҚШда 2018 йил декабрида ҳайдовчисиз такси синовдан ўтказилди. Хитой 2022 йилдан ҳайдовчисиз поездларни ишга туширишни кўзлаб турибди).

Яқин келажакда, эҳтимол, сунъий интеллект инсонни тиббиётдан, ҳатто санъатдан (ҳис-туйғуларни ўрганиб чиқади ва инсонга таъсир кучи ортади) ҳам «ҳайдаши» мумкин! Бугун биз дардимизга даво истаб тўппа-тўғри шифокор ҳузурига чопамиз, 2050 йилдан эса касалликка биринчи ташхисни алгоритмлар ва биометрик маълумотлар беради, яъники касалликни у ҳали жиддий оқибатларга олиб келмасидан бурун даволаш мумкин бўлади.

Мабодо муаллифни «воқеалар ривожидан» сал илгарилаб кетганликда гумон қилувчилар бўлса, айтмоқчиманки, сиз ҳақсиз, камина фикр юритаётган технологиялар, хусусан, сунъий интеллект ҳали бу ишларни қила олмайди. Аммо кузатувларимиз яқин келажакда бўлиши мумкин бўлган ҳодисалар ҳақида. Айтмоқчиманки, биз одамлар «нол» ва «бир»ларни ичига олган алгоритмлар билан рақобат қилишимиз шарт эмас, фақат уларни тўғри ишлатсак бас.

Мана масалан, учувчисиз парвоз тараққиёти бир қатор ишларни бартараф этиш баробарида масофадан бошқариш, маълумотларни таҳлиллаш ва киберхавфсизлик соҳасида янги касбларнинг яралишига ҳам сабаб бўлади. Аммо ана шу фойдали технологияларнинг ривожланиши, бир вақтнинг ўзида, юқори ишсизлик ва малакали кадрлар етишмаслигига олиб келиши ҳам мумкин.

Иккинчидан, рақамли диктатуранинг пайдо бўлиши юқорида айтиб ўтилган «оммавий ишсизлик» муаммосидан ҳам таҳликалироқ кўринмоқда. Маълумки, либерализмнинг қадриятлари — инсон эркинлиги, демократик сайловлар, эркин бозор тамойиллари. Шахсий эркинлик бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол этмаслиги керак ва бу шартлар остида амалда чеклов бўлмайди. Аммо яқин келажакдаги технологик инқилоб шахсий эркинликнинг унутилишига сабаб бўлиши мумкин. Олимлар ва сиёсатчилар интернет алоқаси тезлиги ва BIG DATAларнинг оширилишига эмас, балки инсон миясини ўрганишга эътибор беришлари керак. Биз эса умуминсоният тараққиёти ҳақида унутиб, нуқул технологияларни ривожлантириш билан бандмиз! Инсонлар ҳақиқий ҳаётни унутиб, виртуал ҳаётга боғланиб қолаётганлари ҳақиқий хавф эмасми?

Ҳозирги кунда фойдаланувчилар глобал ижтимоий тармоқларга қарамлигини кўришимиз мумкин. Марк Цукерберг (Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси, ёш миллиардер)нинг шахсан ўзи Facebook одамларни виртуал бирлаштириш учун ўйлаб топилганини таъкидлади.

Кўпгина ёшларимиз виртуал оламга боғланиб қолгани ва аксинча оддий ҳаётдан узилиб қолиш жарлигигача етиб келгани ачинарли ҳолат — бу ўз шахсий кузатувларим асосидаги хулосалар.

Ижтимоий тармоқлар бутун дунё бўйлаб чегарасиз алоқа қила оладиган фойдаланувчиларига эга. Аммо жамият чуқур илдизларга эга бўлиши учун унинг аъзолари жонли мулоқотга муҳтож. Масалан, ҳозир кўплар қизиқарли бир нарса кўрганлари заҳоти уни смартфонлари ёрдамида ижтимоий тармоққа жойлаштириш пайида бўлишади. Бу пайтда ҳатто ўзларини қандай ҳис қилаётганини ҳам тушунишмайди, фақат онлайн муносабатлар билдирилганидан кейингина уларга «ақл киради». Ҳатто ҳиссиётлар ҳам рақамли технологияларга боғланиб қоляпти.

Инсоният яралибдики, изланишда. У мисли кўрилмаган даражада катта ҳажмдаги ишларни бажармоқда. Чегарасиз тасаввур, сўнмас билим дунёни ўзгартириб юборишга кифоя қилмоқда.

Хуллас бугун бир нарса аён ҳақиқатки, рақамли технологиялар инсон ҳиссий ва мафкуравий қарашларини балки бошқармаётгандир, аммо қайсидир маънода ўзгаришига сабаб бўлаётгани тайин. Ҳа, ўша — компютерлардаги, смартфонлардаги «нол» ва «бир»лар бизни ўзгартирмоқда...

Ана шу жараён, ана шу курашда энг муҳим бир нарсани унутмасак бас, бугун бизни асосан бирлаштираётган ва «сал ўзгартираётган» рақамли технологиялар эртага хавф манбаига айланиб кетишига индамай қараб турмаслигимиз керак. Ҳар ҳолда эртага олам ва одам ўртасидаги мувозанат тизгини кимнинг қўлида бўлиши шунга боғлиқ.

Ғуломжон Назаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг