Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дастурлаш қизларга хос касб...ми?

Дастурлаш қизларга хос касб...ми?

Қизларнинг АКТга қизиқиши юқори.

Фото: «Technovation.uz»

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша мос ва мураккаб жиҳатлари бор. Айниқса, қизлар учун. Бугун қизларнинг ўқитувчилик, шифокорлик, тикувчилик каби касбларни эгаллаши анъана тусини олган. Аммо дунё ўзгаряпти, жаҳонда энг талабгир касбларнинг барчаси ахборот технологиялар соҳаси билан боғлиқ бўлиб боряпти.

Мамлакатимизда АКТ соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг 31,8 фоизини аёллар ташкил этади ва бу рақам йилдан-йилга ошиб боряпти. Ўзбекистонда етакчи техник олий ўқув юртларидаги қизлар улуши эса бироз пастроқ — 16-22 фоиз. Аммо бу йўналиш ҳам ўсиш палласида.

Маълумотларга кўра, Белорус IT-компаниялари дастурчиларининг учдан бир қисмини айнан аёллар ташкил этар экан. Ўзимизда ҳам ТАТУ ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида ушбу соҳани чуқур эгаллашни мақсад қилган қизлар сони ошиб бормоқда. «Technovation» технологик ишланмалар танлови мамлакатимизда илк бор ташкил этилганига қарамай, АКТ ва дастурлаш, тадбиркорликка қизиқувчи кўплаб ёшларни кашф этди ва  соҳага бефарқ бўлмаган қизлар сони кам эмаслигини исботлади.

«Technovation Challenge» — бу қанақа танлов?

«Technovation Challenge» халқаро танлови 2010 йилдан буён дунёнинг қарийб 80 мамлакати, жумладан, икки йилдан буён Ўзбекистонда ҳам ўтказиб келинмоқда. Бу технологик  ишланмалар танлови бўлиб, унинг доирасида қизлар жамоаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Жамоалар устоз ва мураббийлар раҳбарлигида долзарб муаммони аниқлаши, унинг ечими бўйича илова яратиши, лойиҳанинг тижорий амалга оширилиши учун зарур компанияга асос солиши лозим.

Эътиборлиси, танловда иштирок этиш учун дастурлаш кўникмаси талаб қилинмайди.

Унда асосий талаб қанақа?

Асосий талаб — иштирокчининг инглиз тилини билиши. Танлов давомида тажрибали мураббийлар иштирокчи-қизларда танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурлаш, жамоа билан ишлаш ва аудитория билан мулоқот қилиш каби кўникмаларни  ривожлантириб боришади.

Ўтган йили «Technovation Challenge»нинг саралаш босқичи — «Technovation Uzbekistan» танлови (technovation.uz — танловнинг расмий сайти) илк бор ташкил этилиб, унда олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талаба-қизларидан иборат 22 жамоа қатнашган эди.

Жорий йилда жамоалар 10 ёшдан 15 ёшгача ва 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган икки гуруҳга ажратилади. Қизларга тажрибали устозлар бириктирилиб, улар 3 ой давомида дастурлаш тиллари ва замонавий дастурий маҳсулотлар  архитектурасига оид билимларни ўзлаштиради. Бу кўникмалар қизларга маълум бир муаммони ҳал этишга йўналтирилган ўз мобил иловасини яратиш имконини беради. Республика танловининг  якуний босқичида иштирокчилар бизнес-режа билан бирга, қисқа видео-тақдимот яратиб, ҳайъат аъзоларига ўз лойиҳасини тақдим этиши лозим. Республика саралаш босқичи ғолиблари «Technovation Challenge» халқаро танловининг онлайн тартибида ўтадиган  ярим финалига чиқиш учун йўлланма олади.

Ғолиб Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритади

Номдор мутахассислардан иборат халқаро ҳайъат аъзолари дунёнинг турли давлатларидан юзлаб иштирокчи қизлар иши билан танишиб чиқади ва улар орасидан 10 нафар энг яхши иштирокчини аниқлайди. Айнан шу жамоалар танловнинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритади.

Амина ва Муаззамхон «Google» компанияси офисида.
Фото: «Technovation.uz»

Ўтган йили халқаро танловнинг ярим финалига чиққан Ўзбекистоннинг «Techno Squad» жамоаси Калифорнияда бўлиб ўтган глобал финалга меҳмон сифатида таклиф этилганди. Жамоа аъзолари (Амина ва Муаззамхон) сафар давомида АҚШнинг йирик IT-компаниялари офислари, жумладан, «Кремний водийси»да жойлашган «Microsoft», «Google» компаниялари фаолияти билан танишишди.

Глобал финал танловида эса катта ёш тоифасида Қозоғистоннинг «/flash» жамоаси «QamCare» лойиҳаси билан, кичик ёш тоифасида Гонконг жамоаси «Dementia Care Companion» иловаси билан, «People's Choice Award» номинациясида Арманистоннинг «0ne Step Ahead» жамоаси «Armenian Sign Language» иловаси билан ғолиб бўлган эди.

Шу эмасми аслида қизларбоп касб?!

Қизларнинг дастурлашни ўрганиши, ўз бизнес лойиҳаларини йўлга қўйишга интилиши жаҳон миқёсида жадал оммалашиб боряпти.

Бизда эса аксарият ҳолларда қизларимизнинг ахборот технологиялари йўналишини танламаслигига сабаб — улар бу борада етарли тушунчага эга эмаслиги бўляпти. Тўғрироғи, улар бу йигитларга хос касб деб ўйлашади. Лекин соҳани мукаммал эгаллаб, масалан, дастурлашни яхши ўзлаштириб, уйида ўтириб ҳам яхши пул топса бўлади. Шу эмасми аслида қизларбоп касб?!

Демак, уларни бу соҳага йўналтириш, тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш, зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш — ота-оналар ва мураббийларга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг