Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Сколково» инновацион маркази келишув имзолади

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Сколково» инновацион маркази келишув имзолади

20 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Россиянинг «Сколково» инновацион марказига ташриф буюриб, «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович билан учрашди.

Учрашув жорий йилнинг октябрь ойида Москва шаҳрида юқори даражада ўтказилган «Очиқ инновациялар-2019» халқаро инновацион ривожланиш форумининг натижаларига кўра «Сколково» инновацион маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш, инновация ҳамда ахборот-коммуникация соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокамасига бағишланди.

«Сколково» инновацион марказида қад кўтарган янги бинолар, ўқув масканлари, турар жой мажмуалари, ишлаб чиқариш иншоотлари, тадқиқот лабораториялари, тиббий кластерлар ва марказда олиб борилаётган фаолият ўзбекистонлик делегация аъзоларида катта таасcурот қолдирди.

Томонлар учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистондаги стартап лойиҳаларининг «Сколково» инновацион марказида ўтказиладиган демо-кунларда иштирок этиш масаласини муҳокама қилдилар.

А. Дворкович Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлашга, бу соҳадаги тажрибалар билан ўртоқлашишга, стартапчиларнинг малакасини оширишга ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлади. Шунингдек, келгуси йилнинг иккинчи ярим йиллигида стартап турне ўтказишни режалаштирилганини ва бу турне доирасида «Сколково» инновацион марказининг етакчи мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюриб, юртимиз стартап экотизими вакиллари учун ўқув курслари ташкил этишларини маълум қилди.

Ўз навбатида «Сколково»даги халқаро гимназиясида ёшларни ўқитиш, ўзбек мутахассисларининг малакасини оширишга келишилди.

Кейинги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг