Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мобил иловада электрон хизматлар сони 100 тага етказилади

Мобил иловада электрон хизматлар сони 100 тага етказилади

Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга 260 турдан ортиқ электрон кўринишдаги давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда. Уларнинг 143 таси (55%) бепул кўрсатилса, 131 тасидан (50%) фойдаланишда ЭРИ талаб қилинмайди. Хизматларнинг 190 дан ортиғи (73%) тадбиркорлар учун мўлжалланган. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантириш бўлими хабар бермоқда.

2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан 18 турдаги (судланганлик, манзил маълумотнома, солиқдан қарзи бор-йўқлиги, наркология ёки руҳий касалликлар диспансерида туриши ва бошқалар) маълумот/маълумотномаларни талаб қилиш амалиётидан воз кечилди.

Бунда, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан маълумотлар мустақил равишда Ягона портал модули орқали олинади. Мазкур амалиётнинг жорий қилиниши ортидан дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ аҳолининг ўртача бир ойда 1,3 млрд.сўм (йилига 15,6 млрд.сўм) маблағи тежалишига эришилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январидан бошлаб аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қўшимча равишда яна 16 турдаги турли хил маълумотномаларнинг сўралиши ҳам тақиқланди. Мазкур имкониятларни яратиш мақсадида бугунги кунда тегишли ташкилий-техник ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил Ягона порталнинг мобил иловаси ишга туширилган бўлиб, аҳолига ушбу илова орқали 40дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда мобил абонентлар сони 27 млн.дан ошган. Бу – улар мобил интернетга «кира олади» дегани. Шуни ҳисобга олиб, эндиликда ЯИДХПнинг мобил иловасини ривожлантириб, унга янада кўпроқ хизматларни жорий қилишимиз лозим. Ушбу масалага Президентимиз ҳам алоҳида тўхталиб, йил якунига қадар мобил иловада электрон хизматлар сонини 100 тага етказиш бўйича топшириқ бердилар.

Ҳозирда 60дан ортиқ хизматдан иборат рўйхат шакллантирилиб, уларни жорий қилиш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилган. Йил якунига қадар ушбу хизматлар босқичма-босқич жорий қилинади ҳамда фуқароларимизга ишдами, кўчадами, хуллас, истаган жойларида ва вақтларида 100дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг