Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нега почта бўлимларида электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда?

Нега почта бўлимларида электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда?

Фото: «Ўзбекистон почтаси»

Сўнгги кунларда республикамиз бўйлаб бирин-кетин почта алоқаси бўлимларида электрон давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Охирги хабарларга кўра, Сирдарё ва Навоий вилоятида бир нечта  почта бўлимларида бириктирилган мутахассислар кўмагида аҳолига шундай хизматлардан фойдаланиш имкони яратилди.

Электрон давлат хизматлари аҳолини ортиқча оворагарчиликлардан халос этиши бор гап. Дейлик, бир ҳужжат учун у идорадан бунисига югуриш энди шарт эмас. Бунинг учун қулай платформа — Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz) ишлаб чиқилган. Ягона портал орқали шу кунларда 200 дан зиёд электрон давлат хизматлари тақдим этилмоқда. Бу дегани — уйда ёки иш жойингизда ўтириб, анча-мунча ишни бажариб қўйишингиз мумкин. Бунда ҳам вақтдан ютасиз, ҳам нақддан. Чунки пулли хизматлардан фойдаланилганда йўл харажати сарфламайсиз, қолаверса, Ягона порталда 10 фоизлик чегирма бор.

Аммо масаланинг бир жиҳати борки, бунда мутахассислар кўмаги албатта зарур бўлади. Яъни, ҳаммада ҳам my.gov.uz порталидан фойдаланиш учун қурилма (компютер, ноутбук, планшет ва ҳок.) ёки интернет тармоғи бўлмаслиги тайин. Бу воситалар бўлган тақдирда ҳам, компютер саводхонлиги ёки порталдан фойдаланиш кўникмаси этишмаслиги мумкин. У ҳолда қандай йўл тутилади?

Давлат хизматлари марказлари — бу борада энг асосий кўмакчи, аммо улар асосан вилоят ва айрим туманлар марказларида мавжуд. Қишлоқ ҳудудларда марказга бориб келиш яна оворагарчилик. Электрон давлат хизматларининг почта бўлимларида кўрсатилиши йўлга қўйилаётганининг асл моҳияти ҳам шунда: мамлакатда почта тармоғи кириб бормаган ҳудуд йўқ. «Ўзбекистон почтаси» мамлакатимизнинг почта алоқаси миллий оператори сифатида республика миқёсида 2 мингга яқин почта алоқаси объектига эга бўлиб, барча аҳоли пунктларини қамраб олган соҳа ҳисобланади.

Почта бўлимлари орқали давлат хизматлари кўрсатилиши  ҳудуд аҳолисига қулайлик, қолаверса, қийин вазиятдан чиқишга уринаётган миллий операторга қўшимча имконият.

Ўзи почтада қандай давлат хизматлари кўрсатилмоқда?

Булар:

  • СТИР рақам олиш;
  • юридик ва жисмоний шахсларни солиқдан қарздорлиги тўғрисида маълумот олиш;
  • никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисида маълумотларни олиш;
  • фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш;
  • манзил маълумот ахборотларини тақдим этиш;
  • судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисида маълумотнома олиш;
  • фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумот олиш;
  • архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;
  • болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш;
  • туғилганлик ҳақида маълумотнома олиш;
  • ўлим рўйхатга олинганлиги ҳақида маълумотнома олиш;
  • пенсия ва нафақа ҳақида маълумот олиш;
  • наркология диспансерида ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • руҳий касалликлар бўйича диспансерда ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш каби хизматлар.

Почта ходимлари ҳозирча айнан шу хизматларни кўрсатишга ўқитилган. Келгусида талабга қараб рўйхатга яна бошқа хизматлар ҳам қўшилиб борса ажаб эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг