Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбектелеком» Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона марказига пресс-тур (видео+фото)

Бугун, 7 февраль куни «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ўзининг янги «Call-маркази» — Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази (ҚХКЯМ)га танишув пресс-турини ўтказди.

Журналистлар компаниянинг абонентларга хизмат кўрсатиш ва бу хизматлар сифатини ошириш бўйича янгича ёндашувлари билан таништирилди.

Фото: «Xabar.uz»

Илк телефон-маълумот хизмати Тошкентда 75 йил бурун пайдо бўлган — уни оддийгина қилиб «09 хизмати» деб аташган. Чораги кам бир аср муқаддам пойтахт телефон тармоғидан 5 мингдан ортиқ абонент фойдаланган. «09 хизмати»да барча ишлар қўлда бажарилган: телефонистлар столида ҳозирги чиройли, ихчам ва қулай компьютерлар ўрнида махсус картотекалар бўлган, операторлар маълумотларни ана шу картотекалардан излаб топишган, барча маълумот-ахборотлар фақат қоғозда чиқарилган.

Янги минг йилликка ўтиб, аниқроғи, 2003 йилдан операторларнинг иш жойларини автоматлаштириш бошланди.

2009 йил апрель ойида «Протей» компанияси ускуналари асосида «09 хизмати» такомиллаштирилиб, барча халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий «Call-маркази»га айлантирилди. Натижа узоқ куттирмади: энди статистик маълумотлар яхшироқ ҳисобга олинадиган ва таҳлил қилинадиган бўлди ва шунинг самараси ўлароқ бутун тизимнинг иш фаолияти яхшиланди.

Фото: «Xabar.uz»

Маълумот-ахборот маркази негизида «Call-маркази» интеллектуал платформасининг жорий этилиши ахборот-маълумотлар хизмати доирасини кенгайтириш ва замонавий интеллектуал хизматларни жорий этиш имконини берди.

ҚХКЯМ лойиҳасини амалга ошириш босқичларидан бири — бутун республика бўйлаб кенгайтириш эди. 2014 йилда мамлакатимиз ҳудудларида 13 та Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудий Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази 10 та иш ўрнига ва бир дақиқада 60 дан зиёд қўнғироқларни қабул қилиш имконига эга.

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзбектелеком» АК Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази кечаю кундуз фаолият юритади. «Call-маркази» ўз абонентлари қўнғироқларига хизмат кўрсатишдан ташқари, аутсорсинг асосида давлат ташкилотлари, вазирликлар ва йирик компанияларга келиб тушадиган мурожаатларни қайта ишлаш бўйича ҳам кенг миқёсда фаолият юритади. Биргина мисол: «Ўзбектелеком» АК «Call-маркази»га Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонаси орқали ойига 120 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушади.

«Call-маркази» рақамларда

  • 129 нафар ходим билан иш бошлаган
  • Ҳозир 600 дан зиёд оператор хизмат кўрсатяпти
  • 2019 йилда 13 701 085 та қўнғироққа хизмат кўрсатилди
  • Бир кунда 40 мингдан ортиқ абонентга хизмат кўрсатилмоқда

«Ўзбектелеком» АК 2019 йилнинг сентябр ойида пойтахтдаги Қўнғироқларни қайта ишлаш марказини ЭАТС-254/255 биносидан янги ЭАТС-242-249 биносига кўчириб ўтказиб, ускуналарини кенгайтириш бўйича ишларни якунига етказди.

«Call-маркази» хизматлари

  • Ахборот-маълумотлар хизмати
  • Телефонлар таъмири бюроси — 1086
  • Об-ҳаво маълумоти — 1001
  • Аниқ вақт — 1004
  • Виртуал офис — 71 2008080
  • Телеовоз бериш
  • Аутсорсинг
  • Хабардор қилиш
  • «Ўз ҳисобингизни билинг» — 1058
  • Контент-провайдер хизматлари
  • Uzonline техник кўмаги — 1084
  • Uzmobile техник кўмаги — 1099
  • Телекоммуникация хизматлари учун онлайн ариза
  • 1084, 1086, 1099 хизматлари бўйича онлайн мулоқот
  • Карталар платформаси — 71-2381717
Фото: «Xabar.uz»

«Ўзбектелеком» АК Қўнғироқларга хизмат кўрсатувчи ягона маркази кечаю кундуз 6 сменада ишлайди ва бугунги кунда 600 нафардан ортиқ операторлар фаолият кўрсатмоқда. «Ходимлар мурожаатлар билан ишлашга мунтазам равишда ўргатиб борилади, хизмат сифатини яхшилаш учун зарур барча техник чораларни амалга оширяпмиз. Штатимиздаги психолог доимий равишда ходимларимиз билан ишлайди. Мижозларимизнинг мурожаатларини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга ва мурожаатларни қабул қилиб, ижросини муносиб равишда бажаришга интиламиз».

Шаҳноза Шукурова,
«Call-маркази» раҳбари

Пресс-тур давомида журналистларга «Call-маркази» хизматлари доимий равишда такомиллаштирилаётгани, барча бизнес-жараёнларни рақамлаштириш ишлари фаол олиб борилаётгани ҳақида сўзлаб берилди.

Хизматларни кенгайтириш мақсадида ташаббускор ёш ходимлардан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ аъзолари янги хизматларни ишлаб чиқадилар ва жорий этадилар, бу эса «Call-маркази»нинг қўшимча даромадини оширади.

«Call-маркази»да режалаштирилаётган янги хизматлар

  • ЙҲХББ жарималари ҳақида ахборот хизмати;
  • Тиббий бронлаш хизмати.

Қисқасини айтганда, «Call-маркази»нинг асосий вазифаси — бирорта ҳам қўнғироқни ўтказиб юбормасдан, мижозларга қулай интерфаол хизматлар кўрсатишдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг