Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш бўйича семинар ўтказилди

Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш бўйича семинар ўтказилди

Фото: «Senat.uz»

2021 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан «Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини юксалтириш истиқболлари» мавзусида семинар ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Семинарда Ўзбекистонда «Smart» қишлоқ хўжалигини жорий этиш бўйича таҳлилий маълумот тақдим қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалигининг ҳозирги ҳолати, «Smart» («ақлли») қишлоқ хўжалигини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан интеграцияси, бунда хорижий тажрибанинг ўрганилгани, унга тўсиқ бўлувчи муаммолар, Ўзбекистон иқтисодиётини рақамлаштириш дастури тўғрисида сўз юритилди.

Республика бўйича жами 87 406 фермер ва 4,7 млн деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолият юритилиши таъкидланиб, 2018 йилдан бошлаб аграр секторида бозор муносабатларини шакллантириш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида ишлаб чиқаришнинг кластер шакли жорий этилгани қайд этилди.

Хозирда Республикада жами 96 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2020 йилда 906 313 гектар ер майдонига пахта хом ашёси етиштирилди. Бу Республикадаги пахта хом ашёси етиштирадиган умумий ер майдонининг 87,7 фоизини ташкил этади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерлари маҳсулдорлиги ва меҳнат унумдорлиги кўрсаткичлари 2000 йилга нисбатан уч баробардан зиёдроққа ортиб, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ошган бўлса-да, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан паст суръатларда ўсиши таъкидланди.

Мамлакатимизда экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш натижасида мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни экспорт қилиш ҳажми ошиб бормоқда.

Экспертларнинг баҳолашича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи мавсум давомида (қисқа муддатларда) 40 тадан ортиқ турли ечимларни қабул қилмоқда. Бу ечимларнинг аксарияти рақамлаштириш объекти ҳисобланиб, бевосита ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир қилмоқда.

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг етишмовчилиги ёки меъёрдан кўп ишлатилиши, биологик хилма-хилликнинг ёмонлашуви, қурғоқчилик, чўлланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра экиш, етиштириш, сақлаш ва ташишда ҳосилнинг 33 фоизи йўқотилмоқда.

Шу ўринда мавжуд ер, сув, моддий-техника ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминловчи «smart» қишлоқ хўжалиги ёки «ақлли қишлоқ хўжалиги» (кенг тарқалган «smart farming», «smart agriculture» тушунчалари) технологиялари муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги даврда иқтисодиётни рақамлаштириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда, давлат органлари ва ташкилотларда электрон ҳужжат айланиш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда, электрон тўловлар ва электрон тижорат соҳалари ривожланиб, уларнинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллашмоқда.

Аммо «Smart» қишлоқ хўжалигини жорий этиш жараёнида бир қанча тўсиқ бўлувчи муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Малакали кадрларнинг етишмаслиги, қишлоқ жойларида инфратузилмаларнинг етарли даражада ривожланмаганлиги, қишлоқ хўжалигида ахборот технологияларни ўзлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асоси мавжуд эмаслиги шулар жумласидандир.

Тадбир иштирокчилари рақамли технологияларнинг агросаноат мажмуида қўлланилиши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг рентабеллигини харажатларни аниқ (нуқтавий) мақбуллаштириш ва маблағларни янада самарали тақсимлаш ҳисобига ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида «Ақлли қишлоқ хўжалиги» технологиясини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш лозимлигини қайд этди.

Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалиги экин ерлари ва сувдан самарали фойдаланишда рақамли технологияларни, интенсив боғлар ташкил этиш, боғларни автоматик тарзда бошқариш технологияларини, иссиқхона хўжаликларида автоматлаштирилган, компьютерлаштирилган интеллектуал технологияларни, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига роботлаштирилган, автоматлаштирилган ва компьютерлаштирилган технологияларни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларига, логистика ва сотиш марказларида рақамли технологияларнинг жорий этилишига хизмат қилади, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг