Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Содиқов: «Ўзбекистон рақамли трансформация босқичига ўтди»

Шуҳрат Содиқов: «Ўзбекистон рақамли трансформация босқичига ўтди»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 16 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамкорлик (АСҲҲ) Алоқа маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши ҳамда АСҲҲ Ахборотлаштириш бўйича мувофиқлаштириш кенгашининг навбатдаги қўшма йиғилиши ўз ишини бошлагани ҳақида хабар бергандик.

Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги делегация иштирок этмоқда. Йиғилишда АКТ вазири рақамли иқтисодиёт ҳақида маъруза қилди. Бу ҳақда Қозоғистондан «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.

Вазирнинг қайд этишича, бугунги кунда исталган мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва жаҳон майдонида рақобатдошлигини ошириш кўп жиҳатдан рақамли иқтисодиётнинг самарали шаклланиши ва ривожланишига боғлиқ.

Табиийки, рақамли иқтисодиёт турли мамлакатларда турлича, рақамли кун тартибининг устуворликлари ва мавжуд шароитларга асосланиб ривожланади.

Шу билан бирга, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг барча моделлари учун умумий хусусиятлар ҳам бор. Булар — бу рақамли технологияларга инновациялар ва катта миқдордаги сармояларни киритиш учун қулай шароитлар мавжудлиги.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон рақамли трансформация босқичига ўтди», — деди Шуҳрат Содиқов.

АКТ вазирининг таъкидлашича, қуйидагилар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида саналади:

  • қонунчилик ва таълим тизимини такомиллаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш, ушбу соҳани жадал ривожлантириш;
  • хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва зарур экомуҳитни яратиш, шу жумладан янги «рақамли» лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун қулай муҳит юзага келтириш,
  • технопаркларни ривожлантириш ва венчур молиялаштириш механизмларини жорий этиш. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистондаги биринчи дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки — IT-Парк ташкил этилди. Технопарк ўз резидентларига солиқ имтиёзлари ва преференцияларини тақдим этади ҳамда бошланғич лойиҳалар ва дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бу ерда дастлабки 15 та стартап лойиҳаси акселерация ва инкубация дастурларига қабул қилинди.
  • Кўрилаётган чора-тадбирлар давлат ахборот тизимларини жорий этиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги ўзаро таъсирчан самарали тизимини яратиш орқали «Электрон ҳукумат»нинг тизимли ривожланишини таъминлашга имкон берди.
  • Хусусан, 2016 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали 3,1 миллиондан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари, шунингдек, тадбиркорларнинг 10 мингдан ортиқ сўровлари (жорий йилнинг июн ойидан бошлаб) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонаси орқали қабул қилинди.
  • Бугунги кунда Ягона давлат хизматлари портали фойдаланувчиларга 160 дан ортиқ онлайн хизматларни тақдим этмоқда.
  • Жорий йилдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш бўйича «project.gov.uz» ягона электрон тизими ишга туширилди, унинг ёрдамида 1000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тасдиқланди.
  • Бугунги кунда мамлакатни рақамли телевидение билан тўлиқ қамраб олиш таъминланди.
  • «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини бутун республика бўйлаб амалга ошириш: йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларини видеоқайд этиш, турар-жой бинолари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг хавфсизлигини мониторинг қилиш, автотураргоҳлар ва тўхташ жойларини тартибга солиш каби ишлар олиб борилмоқда.
  • IТ-кадрларни тайёрлаш бўйича хорижий университетлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда, хусусан, Тошкентдаги Инҳа (Корея) университети фаолият кўрсатмоқда, бу йил Тошкентда Ҳиндистоннинг Амити университети очилди. Шунингдек, ТАТУ ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилиб, талабалар қабул қилинди.
Фото: «Xabar.uz»

Шуҳрат Содиқов ўз маърузасида Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда ахборот технологияларини янада ривожлантириш бўйича қатор устувор вазифаларни белгилаб олгани ҳақида ҳам айтиб ўтди:

- аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни жадаллаштириш, хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида кенг полосали уланиш йўналиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда;

- «Big data», яъни катта ҳажмли маълумотларга ишлов бериш ва «нарсалар интернети», ақлли видеокузатувлар ва жамоат жойларида мониторинг тизимини жорий этишни ўз ичига олган «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар технологияларини жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни давом эттирилмоқда;

- келгуси 5 йил ичида дастурий маҳсулотлар экспортини 10 баробарга ошириш, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги ахборот технологиялари секторининг улушини камида 4 фоизга кўтариш режалаштирилган;

- стартап лойиҳалари учун қулай экотизимни шакллантиришни давом эттириш, етакчи технологиялар, инвестиция компаниялари ва молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

АСҲҲнинг 55-йиғилиши эртага, 17 сентябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг