Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ТАТУ Самарқанд филиалида инкубация маркази очилди (фото)

ТАТУ Самарқанд филиалида инкубация маркази очилди (фото)

Фото: Xabar.uz

Бугун, 14 апрель куни Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида инкубация марказининг очилиши бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоятида хизмат сафари билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди. Марказ IT-Парк билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Инкубация маркази олий ўқув юрти ўқитувчи ва талаба ёшларининг инновацион ғояларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. ТАТУ Самарқанд филиалида иқтидорли талабалар ва илмий изланишлар қилаётган ёш ходимлар кўп.

Ана шундай иқтидорли талабалардан бири филиал компьютер инжиниринги факультети, 4-босқич талабаси Саодат Олимжонова.

У Med-card лойиҳасини ишлаб чиққан. Мазкур лойиҳани поликлиника, тиббиёт муассасаларида қўллаш мумкин. Бу лойиҳа амалга оширилса тиббиёт масканларида ортиқча қоғозбозликка ўрин қолмайди. Қурилмага бемор картаси қўйилса, у ҳақдаги барча тиббий маълумотлар чиқади. Эътиборлиси, бу дастур офлайн ва онлайн ҳам ишлайди. ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳумо карталардан ҳам фойдаланса бўлади. Саодатнинг айтишича, ҳозирда ушбу лойиҳа Самарқанд шаҳридаги 3-поликлиникада синовдан ўтказилмоқда.

Марказда филиал ўқитувчилари ҳам ўз лойиҳалар тақдимотини ўтказишди. Ишчи гуруҳ аъзолари филиал дата маркази, компютер синфхонасини кўздан кечиришди. АКТ вазири олий таълим муасасаси профессор ходимлари билан суҳбатлашди, уларнинг илмий изланишлари ҳақида суриштирди.

– Илмий даража олиш ҳар бир ёш ходим учун жуда зарур, – деди Шуҳрат Содиқов. – Илмли устозгина ёшларни орқасидан эргаштира олади. Албатта, илмий изланишни, ихтирочиликни рағбатлантириб боришдан асло чарчамаймиз.

АКТ вазирлиги ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятидаги соҳа корхона, ташкилотлари ва муассасалари фаолиятини ўрганишда давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг