Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ТАТУда 20 дан ортиқ хорижий мутахассислар иштирокида халқаро онлайн конференция бошланди

ТАТУда 20 дан ортиқ хорижий мутахассислар иштирокида халқаро онлайн конференция бошланди

Фото: ТАТУ матбуот хизмати

Бугун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Озарбайжоннинг ADA университети ҳамда Электротехника ва электроника муҳандислари институти (IEEE) билан ҳамкорликда «XIV IEEE Ахборот коммуникация технологиялари татбиқи» халқаро конференцияси бошланди. Бу ҳақда ТАТУ матбуот хизмати хабар берди.

Келгусида анъанавий тарзда ташкил этилиши режалаштирилган халқаро конференция ташкилотчилар томонидан бу сафар, маълум сабабларга кўра, онлайн шаклда ўтказилмоқда.

Фото: ТАТУ матбуот хизмати
Фото: ТАТУ матбуот хизмати

AICT2020 халқаро конференциясидан кўзланган асосий мақсад — бугунги кунда жамиятнинг барча жабҳаларида ахборот технологияларини қўллашнинг ролини янада ошириш, тадбиркорлар, тадқиқотчилар, олимлар, дастурий таъминотлар билан ишловчи мутахассислар, саноат технологиялари билан фаолият юритаётган муҳандисларни бир платформага йиғиш ва уларнинг фикр мулоҳазаларини, таклифларини ўрганиш ҳисобланади. Халқаро конференциянинг мақсадидан келиб чиқиб, тадқиқотчилар ва амалиётчилар ишлаб чиқаришда, саноатда, иқтисодий соҳадаги масалалар ва муаммоларни янги инновацион технологияларга асосланган илмий асосланган бизнес моделлари ва ечимларини таклиф этадилар. Тадқиқотчилар томонидан таклиф этилаётган ечимлар халқаро мутахассислар томонидан кўриб чиқилиши ва унинг амалиётга татбиқ этилиши юзасидан фикр алмашинилади.

Конференцияда 20 дан ортиқ мамлакат олимлари 100 дан ортиқ илмий мақолалари билан иштирок этмоқда. 

Фото: ТАТУ матбуот хизмати

Жаҳонинг етук салоҳиятли мутахассислари алгоритмлар, маълумотлар илми, дастурий таъминот инженерияси, киберхавфсизлик, телекоммуникация ва тармоқ технологиялари, АКТнинг турли соҳаларга татбиқ этилишини 12 та шўъбадаги онлайн тақдимотларда кўрсатиб беришяпти.

Ушбу конференциянинг ўзига хослиги шундаки, у Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий меросини ўрганишга бағишланган. Шу боис ўрта асрлар Шарқининг етук алломаларидан бири бўлмиш Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий мероси – математика, астрономия ва замонавий ахборот технологиялари соҳаларига қўшган тенгсиз ҳиссаси хорижий мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Конференция 7—9-октябрь кунлари ўз ишини давом эттиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг