Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазирликда сенаторлар билан мулоқот ташкил қилинди

Вазирликда сенаторлар билан мулоқот ташкил қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев бошқарган мажлис аввалида Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.


Жумладан, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги, «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунлар муҳокама қилинди. 


Шундан сўнг АКТ вазири ўринбосари Жамол Мақсудов Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мамлакатимизни интернет тезлиги бўйича халқаро рейтингдаги ўрнини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг интернет тармоқлари орқали эркин ва тезкорлик билан ахборот олиш имкониятлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларнинг ижро этилиши тўғрисида ахборот берди. Вазир ўринбосари  телекоммуникация, почта йўналишлари ва электрон хизматлар тўғрисида батафсил маълумот берди.


Тақдим этилган маълумотларга кўра, республикамизда оптик толали алоқа линиялари узунлиги 4,5 баробарга ошииб, 99 минг км.га ва кенг полосали портлар сони 3,5 баробарга оширилган. Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 9 000 та база станцияси ишга туширилган ва уларнинг умумий сони 40  мингтага етказилган.


Давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 276 та турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган.  Бугунги кунда Ягона портал (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 850 мингдан ортган. Ушбу фойдаланувчилар томонидан Ягона портал хизматларидан жами 2,3 млн. маротаба фойдаланилган. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида ҳудудларда 750 та почта алоқаси объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасидан фойдаланган ҳолда 30 турдаги давлат хизматлари тақдим этилмоқда.

Сенаторлар ва экспертлар томонидан АКТ соҳасига қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг