Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитойдаги элчимиз «Huawei» бош офисида ТАТУ талабалари билан учрашди

Хитойдаги элчимиз «Huawei» бош офисида ТАТУ талабалари билан учрашди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов шу кунларда «Huawei» компаниясида малака ошираётган ТАТУ талабалари билан учрашди.

Жорий йилнинг июнь ойи бошида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 10 нафар талабаси «Huawei» компанияси томонидан ташкил этилган «Келажак ниҳоллари» дастури доирасида Хитойга икки ҳафталик амалиёт ўташ учун жўнаб кетган эдилар.

Бугун, 14 июнь куни «Huawei» бош офисида «Келажак ниҳоллари»да иштирок этган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбирга ташриф буюрди.

Бахтиёр Саидов мамлакатимиз тараққиёти учун IT соҳасида ёш-малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлаб, «Huawei» компаниясининг Ўзбекистонда таълим ва тадқиқот дастурларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Амалиёт дастури Хитойнинг икки йирик маркази — Пекин ва Шэньчжэнь шаҳарларида ташкил этилди. Амалиёт дастури давомида ТАТУ талабалари учун «Huawei» компаниясининг 5G, big data, булутли технологиялар бўйича тренинглар ўтказилди. Шунингдек, талабалар Хитой маданияти ва диққатга сазовор жойлари билан таништирилди.

Талабалар 5G, BIG DATA,  компаниясининг шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, «ақлли шаҳар» концепцияси асосида уй-жой коммунал соҳасида АКТдан фойдаланиш, фавқулодда вазиятларни бошқариш, булутли ҳисоб-китобларга асосланган катта маълумотларни қайта ишлаш ҳамда ахборотларни сақлаш каби соҳалардаги инновацион лойиҳалар билан таништирилди. Тадбир давомида талабалар ҳамда меҳмонларга «хавфсиз шаҳар» концепцияси намойиш этилди.

Маълумот учун: Беш йилдан буён Ўзбекистонда «Келажак ниҳоллари» («Seeds for The Future») дастури амалга оширилмоқда. Шу вақт ичида ТАТУнинг 50 нафар талабаси Хитойда амалиёт ўтаган, шунингдек, компаниянинг Тошкентдаги инновацион маркази ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.

«Келажак ниҳоллари» дастури 2008 йилда «Huawei» компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, дастурнинг бутун фаолияти давомида 108 мамлакатдан 30 000 дан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтган, 4725 нафар талаба Хитойда амалиёт ўтаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг