Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Биз занжирни уздик». Стационар карантиндан қайтган шифокор-депутат билан суҳбат

«Биз занжирни уздик». Стационар карантиндан қайтган шифокор-депутат билан суҳбат

Акрам Мирзаакбаров

Шифокорларга ҳар томонлама қийин. Улар пандемия даврида ҳам хавфли шифохоналарда ишлашяпти, ҳам вирус юқтириб олишлари эҳтимоли катта. Айни фикрни стационар назоратда бўлган Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғида яшовчи шифокор, туман кенгаши депутати ва тадбиркор Акрам Мирзаакбаров фаолияти мисолида кўрдик.

Фурсатдан фойдаланиб, икки ҳафталик «сафар»дан сўнг уйига қайтган қаҳрамонимиз билан телеграм орқали қисқа суҳбат қурдик.

– Аввало, анализингиз таҳлили яхши чиққанидан ва оилангизга қайтганингиз билан табриклаймиз! Охирги кунларда стационар карантиндаги фуқаролар ичидан коронавирусга чалинганлар кўпроқ аниқланяпти. Ўзи нима бўлганди, карантинга олинганингиз тарихи билан ўртоқлашсангиз?

–  Жорий йилнинг 1 апрель санасида стационар назорат учун Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг талабалар ётоқхонасига бизни олиб кетишди. Мана, шукур, орадан 14 сутка ўтиб, жавоб беришди.

Сабабига тўхталсам, туманимизнинг ўзим истиқомат қиладиган Шўрқўрғон қишлоғидаги «Тез ёрдам» бўлимида 21 март куни навбатчиликка қўйилганмиз. Ўша куни биз билан бирга ишлаган М. исмли диспетчеримизда март ойининг охирги санасида иситма кучайиб, коронавирусда гумонланди ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. У эса Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникадаги шеригидан юқтирган. Ҳозир бутунлай тузалиб, реабилитацияга ўтказилган. Асосийси, у соғлиги ёмонлашиши билан вақтида мурожаат қилган, шунинг учун турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандларига ҳам юқтирмаган. Лекин бизни карантинга жўнатишди. Ўзим врач эдим, ҳамроҳларимиз – ҳамшира Т. ва ҳайдовчи У. лар тенг сафимизга қўшилишди ҳамда бир бинода стационар карантинни муваффақиятли ўтадик.

– Шифокор бўлганингиз учун санитария қоидаларига янада қатъий амал қилгандирсиз? Тиббий муолажалар ҳам олдингизми, сизларга эътибор ва шароит қай даражада бўлди?

– Биз жойлашган муассасага ёнимиздаги вилоят тери-таносил диспанцери шифокорлари бириктирилган экан. Вазифаларини кўнгилдагидек бажаришди.

3 маҳал иссиқ ва сифатли таомлар, ичимликлар, антисептик воситалар билан таъминлашди. Бир кунда 2-3 маҳал тана ҳароратимизни ўлчашди, хонамизни, буюмларимизни ва ўзимизни дезинфекция қилишди. Бизда умуман иситма чиқмади, шу сабабли тиббий муолажага ҳожат бўлмади. Ташқарига чиқмаслик, ҳеч ким билан мулоқот қилмаслик бўйича доимий кузатувда турдик. Хонадошим, яъни ҳайдовчимиз билан ҳам масофа сақладик. Шифокор бўлганим учун тез-тез қўлимни совунлаб юриш одатим эди, ниқобни ҳам иш жараёнида доим тақаман. Хуллас, қулайликлар яратилган, камчилик сезилмади. Масъул хизматчилар чиройли муомалада бўлишди, яхши қарашди.

Бу учун Президентимизга, ҳукуматимиз ва вилоятимиз ҳокимига, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига чексиз раҳматимизни изҳор қиламиз!

– 14 кунлик стационар ҳаёт тартибингиз қай тарзда кечди, чунки соғлом ҳолда эдингиз, эрталабдан кечгача нималар билан банд бўлдингиз, бўш вақт кўплиги учун зериккандирсиз, диққатингиз ошмадими?

– Аввало, тиббиёт ходими бўлганим боис тартиб ва чекловларни тўғри тушундим ва сабр қилдим. Алоқа воситаларига, мобиль телефонларга рухсат бор эди. Уйдагилар билан гаплашиб, онлайн кўришиб турдик. Очиғини айтсам, баҳонада дам ҳам олволдим, ўзи карантинда аксарият одамлар хонадонида ҳордиқ чиқаряпти (кулги смайлик жўнатиб). Шахсий гигиеник қоидаларга алоҳида эътибор қаратдим. Интернетдаги ижтимоий тармоқларни кузатдим. Мутахассисларнинг мазкур касаллик билан боғлиқ маълумотларини диққат билан ўқиб бордим. Чет элдаги вазият, хасталикка чалинган беморлар, карантинга олинганлар тақдири билан юртимиздаги намунали шароитни солиштириб, такрор-такрор миннатдорлигим ошди ва шундан ҳам нолиганларга ҳайрон қолдим.

Дарвоқе, маълум муддат сукут сақладим, сокинлик яхши нарса экан. Узоқ ўйланиб, шифтга тикилиб ётдим. Хотиржамлик муҳитида ўтган умримга назар солдим, сарҳисобладим. «Нима ишларни қилдим, қайсиларига улгурмадим, яна қандай мақсадлар...» деган саволлар хаёлимни эгаллади. Режаларимни қайта кўриб чиқдим, таҳлилларимни пишитдим. Ахир депутатман, ҳудудимдан муаммо ва таклифлар тушган. Яқинда очилган хусусий шифохонам истиқболини кенг тасаввур қилдим. Қолаверса, ўз номимда деҳқон хўжалигим бор. Ҳозир редиска пишган, орқасидан сабзи етилади, иссиқхона ҳам қурмоқчиман.

– Акрамжон, ҳамқишлоқлар сизлардан коронавирус чиқмаслиги учун безовталик билан дуода бўлишди, уларнинг хавотирини ҳис қилдингизми?

– Ҳа, хавотир сабабини биламан, мана, юзимиз ёруғ бўлди. Ишонинг, мен турли гап-сўзларга эътибор бермайман. Ҳаёт давом этади, синовли кунлар ортда қоляпти. Ваҳима керакмас, Ибн Сино ёзиб кетганидек, ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир. Тобланяпмиз, кўпи кетиб, ози қолди, Худо хоҳласа! Ҳозир бироз ҳаяжондаман, икки ҳафта узоқда яшадик. Оила аъзоларим дийдорини соғиндим. Шунинг учун барчага таъкидламоқчиманки, уйда қолинг ва яқинларингиз даврасида бўлинг. Қаноат ва матонат билан бу кўринмас балони албатта, енгамиз. Ғалаба яқин, ИншаАллоҳ!

Муҳими, биз вирус юқтирган инсон билан учламчи даражада мулоқот қилган бўлсак-да, барибир ҳадик туғиларкан. Лекин кўпчиликнинг дуоси билан занжирни уздик. Энди биз билан 1 апрелгача учрашган кишилар бемалол хавотирланмасалар бўлади. Лекин ўша гап: кўчага чиқманг, агар зарурат тақозо қилса, масофа сақланг, ниқоб тақинг ҳамда қўл ва юзларингизни тез-тез совунлаб тозалашни унутманг, саломатлигингиз ўз қўлингизда!

Орифжон Жўраев суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг