Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

19 нафар ногиронни ўлдирган японга олий жазо тайинланди

19 нафар ногиронни ўлдирган японга олий жазо тайинланди

Фото: «Kyodo News»

Япониянинг Сагамихара шаҳрида ақлий имкониятлари чекланган ногиронлар уйида 19 кишини сўйиб ташлаган Сатоси Уэмацу ўлим жазосига ҳукм қилинди, дея хабар берди «Kyodo News» Иокогама судига таяниб.

Суд мажлисида 30 ёшли Уэмацу ногиронларни одам ҳисобламаслигини айтган. Уларни азоб-уқубатлардан халос этганини иддао қилган.

Адвокатлари ҳимоя остидаги киши ақли жойидамаслигини таъкидлашга ҳар қанча уринмасин, бироқ суд эркак киши жиноят содир этган вақтда соғлом бўлган, деган хулосага келган. Таъкидланишича, биринчи суд мажлиси пайтида Уэмацу оғзига нимадир солишга уринган, бироқ суд ижрочилари уни тўхтатиб қолишган. Сўнгра Уэмацу тинчланган ва узр сўраган.

2016 йил 26 июлга ўтар кечаси Токио яқинидаги Сагамихара шаҳрида жойлашган ногиронлар уйида қирғин уюштирган. Ўша вақтда пансионатда саккизта ходим, битта қўриқчи ва 100 дан ортиқ 18 ёшдан 75 ёшгача ногиронлар бўлган. Ҳужум натижасида 19 киши ҳаётдан кўз юмган, яна 20 киши оғир аҳволда бўлган.

Ҳужумдан сўнг жиноятчи ўзининг «Twitter»ида бутун дунёга тинчлик тилаган. Сўнгра ҳукуматга таслим бўлган. Уэмацу терговчиларга «кўпгина касалликлардан қийналаётган оғир беморларни қутқарганини» айтган. Шунингдек, у нариги дунёга равона бўлган кишиларнинг қариндошларидан узр сўрашни ҳам унутмаган.

Сатоси Уэмацу 2012 йил декабрдан 2016 йил февралгача ушбу ногиронлар уйида меҳнат қилган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг