Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Bloomberg» колумнисти: «Келажак авлод кўрфазнинг бугунги фаровонлигини ҳеч қачон кўрмайди»

«Bloomberg» колумнисти: «Келажак авлод кўрфазнинг бугунги фаровонлигини ҳеч қачон кўрмайди»

Фото: «РИА Новости»

Ўз вақтида нефть бойликларини «жиловлаб олган» Форс кўрфази монархлари — Саудия Арабистони ва унга қўшни араб мамлакатлари яқин келажакда жиддий молиявий муаммоларга дучор бўлади. «Bloomberg» колумнисти Дэвид Фиклинг ана шундай хулосага келди.

«Форс кўрфази мамлакатлари ўзларининг беқарор иқтисодиёти аччиқ ҳақиқат билан рўбарў келганида ҳозир нефть бозорларида кечаётган нархлар уруши ўша дамларни фақат яқинлаштиришга хизмат қилганини англаб етишади», — деб ёзади Фиклинг.

Муаллиф Саудия Арабистони ҳукуматининг молиявий активларини бунга мисол қилиб келтирди: бир томонда Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари ва суверен фондларнинг активлари, иккинчи томонда ҳукуматнинг қарзлари. «Улар қисқариб, ялпи миллий маҳсулотнинг атиги 0,1 фоизини ташкил этмоқда, улар 2018 йилгача тўрт йил давомида 50 фоизни ташкил этганди», — таъкидлайди колумнист.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Фиклинг таъкидлаб ўтган ўша тўрт йил мобайнида Форс кўрфазидаги олтита монархия молиявий активлари биргаликда қарийб ярим триллион долларга қисқариб, жами икки триллион долларни ташкил этган. «Агарда нефтга юқори талаб 2040 йилгача ошмас экан, ХВЖ мутахассисларига кўра, қолган маблағ (яъни икки триллон доллар) 2034 йилда тугайди. Агарда нефтнинг бир баррели учун 20 долларлик нарх сақланиб қолаверса, ўша икки триллон доллар янада тезроқ — 2027 йилдаёқ тугаб битади», — таъкидлайди Фиклинг.

Яна ХВЖ маълумотларига юзланамиз: агарда нефть нархлари 50-55 долларга кўтарилганида ҳам саудияликларнинг олтин-валюта захиралари 2024 йилда тахминан беш ойлик импорт харажатлари қийматига тенг миқдорга қисқаради. Колумнист айни шу ҳолатни хавотирли демоқда, негаки, орадан атиги бир неча ой ўтиб Саудия Арабистони «ақл бовар қилмас инқироз» ёқасида қолиши мумкин ва бутун бошли бир авлод умри давомида глобал нефть савдосини ушлаб турган долларнинг «қотирилган» курсидан воз кечишга мажбур бўлади.

Бюджетни барқарорлаштириши учун ҳозир Форс кўрфази мамлакатларига нефть нархининг қимматлашиши сув билан ҳаводай зарур. Гарчи ушбу мамлакатлар марказий банклари ва суверен фондлар инқироздан чиқишда кўмаклашувчи маблағларни жамғариб қўйишган бўлсалар-да, нефть нархларининг ўта пасайиши бу пулларнинг қисқа муддатларда тугашига олиб келиши мумкин.

«Форс кўрфази монархиялари бу ажойиб бойлик тўлқинини жиловлаб, қарийб охирги юз йил давомида уни бошқаришди, аммо ҳар қандай тўлқин охири барибир синади. Бўлғуси авлод кўрфаз мамлакатлари бугун фойдаланаётган фаровонликларни ҳеч қачон кўрмайди», — дейди Фиклинг хулоса қиларкан.

Маълумот учун: 2020 йилнинг март ойи бошларида коронавирус эпидемияси ҳамда ОПЕК+ битими бекор бўлиши, Саудия Арабистони суткасига нефть қазиб олишни 13 млн. баррелга чиқаришга ваъда бериши оқибатида нефть нархи икки бараварга пасайиб кетди. Ўтган жума кунги фьючерсларда Brent маркали нефтнинг баррели 27-30 доллар атрофида сотилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг