Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир кутилмаганда истеъфо берди. У пандемия сабаб эл қатори ўз тўйини ҳам бекор қилганди

Бош вазир кутилмаганда истеъфо берди. У пандемия сабаб эл қатори ўз тўйини ҳам бекор қилганди

Фото: AFP

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн кутилмаганда сиёсатдан кетиши ҳақида баёнот берди. У мансуб лейбористлар партияси январь ойи охиригача янги ҳукумат бошлиғини сайлаши кутилмоқда.

Жасинда Ардерн лейбористлар партияси матбуот анжуманида жорий йил 14 октябрда бўладиган умумхалқ сайловида қатнашмаслигини маълум қилди.

«Мен навбатдаги муддатга қайта сайланиш имконидан фойдаланмайман ва ҳукумат раҳбари лавозимидан 7 февралга қадар истеъфо бераман. Ўтган беш ярим йил муддат ҳаётимдаги энг тиғиз палла бўлди, айни чоқда, бош вазирлигим жиддий синовларга бой кечди», – деди Янги Зеландия бош вазири.

Сиёсатчи аёл ўз истеъфосини ҳукумат раҳбари лавозими ўта масъулиятли экани ва уни лозим даражада бажара олмаслиги эҳтимоли билан изоҳлаган.

2017 йил 26 октябрдан бош вазир сифатида иш бошлаган лейбористлар партияси етакчиси қисқа муддатда дунё матбуот эътиборига тушди. Хусусан, у мамлакатни ларзага солган фожиа – 2019 йил 15 мартда Крайстёрч шаҳридаги Ал-Нур масжидида 28 ёшли террорчи Брентон Таррант томонидан 51 инсон отиб ўлдирилган кунларда ўзини инсонпарвар сиёсатчи сифатида кўрсата олди. Янги Зеландия етакчиси кейин ҳам Крайстчёрчдаги масжидга бориб, мудҳиш жиноят қурбонлари хотирасига қурилган ёдгорликни очиб берди.

Жасинда Ардерн Покистоннинг марҳум бош вазири Беназир Бхутто каби ҳукумат раҳбарлиги пайти туғруқ таътилига чиққан арбоб сифатида ҳам тарихга кирди.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил бошида Ж.Ардерн Янги Зеландияда COVID чекловлари қайта жорий этилишига бағишланган матбуот анжуманида ўз тўйи ҳам бекор қилинганини маълум қилган эди. Ўшанда буни тақдир ҳукмига йўйган арбоб бошқа минглаб янгизеландияликлардан фарқ қилмаслигини таъкидлаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг