Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бразилия раҳбарини юз минглаб инсонлар ўлимида айблашмоқда

Бразилия раҳбарини юз минглаб инсонлар ўлимида айблашмоқда

Фото: «Twitter.com»

Бразилия Сенатининг COVID-19 пандемияси оқибатларини ўрганувчи махсус қўмитаси президент Жаир Болсонаруни коронавирус билан курашишдан бош тортгани учун юз минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган инсониятга қарши жиноятлар ва масъулиятсизликда айблади. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Умуман олганда, Сенат президентга қарши тўққизта айблов қўймоқчи. Комиссия тақдим этган ҳисобот Бразилия раҳбарини пандемия ҳақидаги далилларни атайлаб бузиб кўрсатишда, одамлар ҳаётига «бепарволик» ва вакцина сотиб олишни атайлаб кечиктиришда айблайди.

Бразилияда COVID-19 тарқалиши натижасида 600 минг киши вафот этди, 21 миллиондан ортиқ киши вирусни юқтирди.

«Қонунга мувофиқ ҳаракат қилишга мажбур бўлган ҳукумат ўзининг хулқ-атвори билан миллионлаб бразилияликларнинг ўлимига рози бўлди», — дейилади ҳисоботда.

Тергов пайтида, шунингдек, яна 67 киши ва компанияларга айблов эълон қилиш таклиф қилинди. Ҳисоботда сохта янгиликлар тарқатган ҳозирги ва собиқ вазирлар, самарасиз дори-дармонлар ёзаётган шифокорлар ва Болсонарунинг уч ўғли — сенатор Флавио, депутат Эдуардо ва маслаҳатчи Карлос ҳақида сўз боради.

Жаир Болсонару ўзининг COVID-19 га нисбатан сиёсати билан машҳур. Давлат раҳбари бир неча бор коронавирус хавфини паст баҳолаб, унинг гриппдан фарқи йўқлигини айтган. Бундан ташқари, у штат губернаторларини карантин чораларини енгиллаштиришга чақирди. Ҳатто, шифохонадан чиққанидан кейин ҳам, президент журналистлар билан гаплашишдан олдин ниқобини ечиб ташлади.

Октябрь ойи бошида Бразилия бўйлаб минглаб фуқаролар Болсонарунинг истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқишди. Намойишлар мамлакатда коронавирус тарқалиши даврида Бразилия мухолифати томонидан уюштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг