Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди» қоидаси Россия мисолида ишламайди...

«Дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди» қоидаси Россия мисолида ишламайди...

Президент Владимир Путин тан олинмаган Жанубий Осетия республикаси раҳбари Анатолий Бибилов билан. Фото: dpa

Тан олинмаган Жанубий Осетия республикаси президенти Анатолий Бибилов ҳудуднинг Россия таркибига қўшилиши масаласида референдум ўтказилишини маълум қилди. Овоз бериш тадбири жорий йил 17 июль куни ўтиши белгиланган.

Грузиядан мустақил эканини даъво қилувчи Жанубий Осетия раҳбари ҳудуднинг Россия таркибига киришини аҳолининг тарихий истак-интилиши деб атаган.

Расмий Москва мазкур ташаббусга муносабат билдирар экан, овоз бериш натижалари ҳурмат билан қабул қилинишини таъкидлаган. Хусусан, Давлат думасининг МДҲ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Артём Туров минтақанинг Россияга қўшилишига тўсқинлик йўқлигини қайд этган.

Грузия раҳбарияти эса Жанубий Осетияда 17 июль куни ўтиши кутилаётган референдум, умуман, ҳудуд ҳукумати тан олинмаслигини яна бир карра маълум қилган.

Жанубий Осетия кўп йиллар давомида Грузия таркибида мухтор вилоят бўлиб келган. 1990-йилларда ҳудуд бир томонлама мустақиллик эълон қилган. 2008 йили Грузия халқаро ҳуқуқий меъёрларга кўра ўзига тегишли саналган ҳудудда назорат ўрнатишга уринган. Аммо жараёнга Россия қуролли кучлари аралашган. Шу тариқа 2008 йилнинг 8-12 август кунлари давом этган Россия–Грузия урушидан кейин ҳудудга рус қўшини киритилган. 26 август куни Россия Жанубий Осетия (шунингдек, Абхазия) мустақиллигини тан олган. Грузия эса бу сиёсий қарорга норозилик ифодаси сифатида Москва билан дипломатик алоқани узган.

Айни пайтда Жанубий Осетияда Россия ҳарбий базаси мавжуд. Минтақа Москванинг қўлига қараб қолган. Масалан, 2021 йили тан олинмаган республика бюджетининг 83 фоиз харажати Россия ҳисобидан қопланган.

Расмий Тбилиси Жанубий Осетияни ҳам, Абхазияни ҳам ўз ҳудуди деб билади.
Кремль Украинага босқин бошлангач, айирмачи минтақа де-юре Россия таркибига ўтишидан хавотирлангани боис бўлса керак, Грузия раҳбарияти эҳтиёткор позицияда турди. Аммо таҳлилчи ва блогер Отабек Бакировга кўра, эҳтиёткорлик барибир наф бермади, ҳудудда референдум ўтказилиши эълон қилинди.

«Уруш бошлангандан буён Грузия ҳукумати иложи борича Россияни хафа қилмасликка, жиғига тегмасликка уриниб келди. Россияга қарши санкцияларга қўшилмади, ҳаво ҳудудини Россия учун ёпмади. Бетарафлик учун нима талаб қилинса, ҳаммасини қилди. Ҳатто президент Зурабишвилининг урушни қоралаш, Украинага ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича баёнотларидан кейин ҳукумат президент ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айблаб Конституцион судга бермоқчи бўлди. Ўтган куни бош вазир Гарибашвили Россияга қарши иккинчи фронт ҳеч қачон очилмаслиги, Россия билан тинчлик ўрнатиш асосий мақсад эканини яна бир бор таъкидлаганди. Не тонгки, шунча баёнотлар, бетарафлик позициялари ва тинчлик сигналлари кор қилмади», – деб ёзади О.Бакиров.

Таҳлилчи образли тарзда «Дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди” қоидасини Кремлга татбиқ этиб бўлмаслигини қайд этади.

«Россияга нисбатан «умиротворение» режими ҳеч қачон натижа бермаслигини ҳаёт яна бир марта кўрсатди. Халқ тилида айтганда, «Дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди» қоидаси Россия мисолида 146 - марта ишламади. «Дев ака» бошқасини ейиш билан бандлиги вақтида қочиб қолиш ёки девдан қутулиш чорасини кўриш кераклиги яна унутилди», – деб хулоса қилади блогер.

Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонни тамсил этган таниқли курашчи, айни пайтда Давлат думаси депутати Артур Таймазов эса Жанубий Осетиянинг Россияга қўшилишига доир референдумни олқишлаган. Шунингдек, собиқ спортчи Россия таркибидаги Шимолий Осетия ҳамда Грузиядан мустақиллик даъво қилаётган Жанубий Осетия ҳудудларининг бирлашувига хайрихоҳлик изҳор этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг