Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Намоз пайтида Авлиё София деворидаги суратларга ечим топилди

Намоз пайтида Авлиё София деворидаги суратларга ечим топилди

Фото: «Liveinternet.ru»

Истанбулдаги Авлиё София (Ая-София) обидасидаги христиан мозаика ва фрескалари намоз вақтида пардалар билан ёпиб қўйиладиган бўлди, дея маълум қилди Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калин.

10 июль куни мамлакат олий маъмурий суди — Туркия давлат кенгаши 1934 йилда Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисидаги қарорини бекор қилгани тўғрисида хабар бергандик. Шундан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон обидани масжидга айлантириш ҳақидаги фармонни имзолади. У ерда 24 июлдан намоз ўқиш мумкин. Туркия дин ишлари бўйича бошқармаси намоз вақтида христиан мозаика ва фрескаларини ёпиб қўйиш ёки қоронғилаштириш кераклигини айтганди.

Ая-София деворидаги суратлар намоз пайтида пардалар билан ёпиб қўйиладиган бўлди.

«Ёруғлик тизими бўлмайди. Ҳозир фреска ва мозаикаларни парда билан ёпиш устида ишлаяпмиз, у деярли тайёр. Бино ва тасвирларга ҳеч қандай шикаст етказмаслик муҳим», — деди Калин NTV телеканали эфирида.

Авлиё София ибодатхонаси милодий VI асрда император Юстиниан буйруғига биноан барпо этилиб, 537 йил 27 декабрда очилган. Турклар Константинополни забт этгач, Византия империяси қулагач, 1453 йилда ибодатхона масжидга айлантирилган. Бироқ 1935 йилда замонавий турк давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк унга музей мақомини берган ва ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг