Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил қамоқхоналарида қанча фаластинлик бола бор?

Исроил қамоқхоналарида қанча фаластинлик бола бор?

Исроил қамоқхоналарида камида 270 нафар бола ушлаб турилибди. Бу ҳақда TRT нашри Фаластиннинг маҳбуслар ишлари бўйича идорасига таяниб хабар берди.

«Ишғолчи ҳукумат асосан Офер ва Мегиддо қамоқхонларида камида 270 нафар болани ушлаб турибди», – дейилади маҳбуслар ишлари бўйича идора баёнотида.

Қайд этиш жоизки, бу рақам Исроил армияси томонидан Ғазо секторида қўлга олинган вояга етмаган болаларни қамрамайди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Исроил қамоқхоналарида фаластинлик болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқ қўлланган.

БМТ ҳисоб-китобига қараганда, 2008 йилдан 2023 йилнинг 6 октябрига қадар Исроил ҳарбийлари ҳужумлари туфайли 1434 нафар фаластинлик бола ҳалок бўлган, 32175 нафари жароҳатланган.

2000-2023 йиллар мобайнида Исроил томонидан қамоққа олинган болалар сони эса 13 мингга етган.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён ўтган бир йил ошиқ вақт мобайнида 44 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Улар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этади.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни «болаларга қарши уруш» деб атаган.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.

БМТ жорий йил июнь ойида эълон қилган суриштирувда Ғазо секторида аҳоли, хусусан, болалар қасддан қириб ташланаётгани баён қилинган.

ЮНИСЕФ хулосасига кўра, бир йилдан буён давом этаётган уруш туфайли Ғазо секторидаги юз минглаб болалар ўқиш, ўйнаш тугул тинч-осойишта ухлаш неъматидан ҳам маҳрум қолмоқда.

Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти ёзишича, 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.

Куни кеча фаластинлик болалар очлик туфайли ҳайвонлар озуқасини ҳам ейишга мажбур бўлаётганини айтган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб Ғазога инсонпарварлик кўмагини етказиш ваъдасида турмагани учун Давлат котиби Энтони Блинкенни истеъфо беришга чақирганди.

Жорий йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли болалар очлик туфайли ҳам дунёдан кўз юмаётгани, Исроил очликлан қурол сифатида фойдаланаётгани ҳақида бонг  урмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг