Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки АҚШ, еврозона ва Хитой иқтисодиётлари учун ёмон прогноз берди

Жаҳон банки АҚШ, еврозона ва Хитой иқтисодиётлари учун ёмон прогноз берди

Фото: «Daily Express»

Жаҳон банки етакчи иқтисодиётлар — АҚШ, еврозона ва Хитой бўйича прогноз кўрсаткичларини пасайтирди.

АҚШ иқтисодиёти ўсиши бўйича 2019 йил учун прогноз 2,5 фоиздан (июнь прогнози) 2,3 фоизга пасайтирилган. 2020 йилда кўрсаткич янада пасайиб 1,6 фоизга, 2021 йилда эса 1,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

«Келиб тушаётган маълумотларга кўра, АҚШ иқтисодиёти ўсиши секинлашуви савдо божларининг ошиши ва сармояларга босим ўтказаётган иқтисодий сиёсатдаги мавҳумлик билан боғлиқ бўлиши мумкин», — дейишмоқда Жаҳон банки мутахассислари.

Еврозона иқтисодиётидаги ўсиш даражаси бу йил 1,1 фоиз (июнь прогнозида 1,2 фоиз эди) бўлиши кутилмоқда. 2020 йилда ҳам ўзгармайди — 1,1 фоиз, 2021 йилда эса 1,2 фоиз даражасига чиқиши мумкин.

«Еврозонадаги фаоллик, айниқса, ишлаб чиқариш соҳасида, 2018 йилда сезиларли даражада пасайганди. Саноат ишлаб чиқариши ва ташқи савдо сезиларли пасайишни намоён этаётган бир пайтда, истеъмолчилар фаоллигидаги сусайиш аломатлари энди пайдо бўлмоқда», — дейилади шарҳда.

Хитой иқтисодиётидаги ўсиш бу йил 6,1 фоизни ташкил этади (июндаги прогнозга нисбатан 0,1 банд паст). Кейинги йилларда кўрсаткич сезиларли равишда пасаяди: 2020 йилда — 5,9 фоиз (6,1 фоиз ўрнига), 2021 йилда — 5,8 фоиз (6 фоиз ўрнига).

Бу мамлакат иқтисодиётидаги сусайишни экспертлар АҚШ билан ўртадаги савдо урушига боғлашмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг