Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Коронавирус рўйхати» кенгаймоқда: Бразилия, Мексика, Беларусь, Озарбайжон...

«Коронавирус рўйхати» кенгаймоқда: Бразилия, Мексика, Беларусь, Озарбайжон...

Фото: «Mirror»

Ҳар куни коронавирус биринчи марта қайд этилган мамлакатлар рўйхати кенгайиб боряпти. Бугун, 28 февраль куни худди шундай бемор Беларусда аниқланди. Бу 22 февраль куни Боку орқали Минскка учган эронлик талаба бўлиб чиқди, деб ёзмоқда «Newizv.ru»

Эрон ҳам худди Хитой, Япония, Жанубий Корея, Италия сингари коронавирус тарқалаётган ўчоқлардан бирига айланди.

Коронавирусга чалинган эронлик талаба ҳақида Беларусь соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берган. Ўз касалидан бехабар талаба Беларусга бир ҳафта илгари учиб келган..., демак, жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлган (самолётда, жамоат транспортида, дўконларда, университет аудиториясида).

Таъкидлаш керакки, Беларусда Жанубий Корея, Италия ва Эрондан келган барча фуқаролар 20 февралдан бери лаборатория текширувидан ўтказилаётган эди.

«Бемор ва у билан мулоқотда бўлганлар Минск юқумли касалликлар шифохонасидаги ёпиқ боксларга жойлаштирилди. Унинг (эронлик талаба) аҳволи ҳозир яхши», — дейилади Беларусь ССВ маълумотида. Айтишларича талабада вируснинг РНКси аниқланган, касаллик симптомлари эса йўқ.

Шу хабар чиққанидан кейин Минск дорихоналарида ниқоблар тақчиллиги юзага келди. Провизорлардан бири айтишича, аслида ниқоблар кам келтирилган (150 та атрофида), шуни ҳам одамлар талаб кетишган.

Бугун юқоридаги эронлик талаба бир қўниб ўтган Озарбайжонда ҳам коронавирус биринчи марта қайд этилди. Бу сафар коронавирус ташувчиси — Эрондан келган Россия фуқароси.

Кеча Лотин Америкасининг энг йирик мамлакати — Бразилияда коронавирус топилганди. Бугун эса минтақанинг яна бир улкан мамлакати Мексикадаги бир беморга «COVID-19» ташхиси қўйилди. Африканинг энг аҳолиси кўп мамлакати Нигерияга коронавирус етиб боргани ҳақида ҳам бугун хабар бергандик.

Жаҳонда «COVID-19» билан касалланганлар умумий сони ошишда давом этмоқда ва 83 265 нафарга етди — шундан 78 824 нафари Хитойга тўғри келади. Вирус тарқашни бошлаганидан бери бир жиддий ўзгариш кузатилди: биринчи марта бир кунда вирусни юқтиришлар сони Хитойдагидан кўра хорижда юқори бўлди. Бугун коронавирус Хитойда 327 кишида аниқланган бўлса, 46 мамлакатда 910 нафарни ташкил этган.

Хитойдан ташқарида энг кўп коронавирусни юқтириш ҳолати Жанубий Корея (1 766 нафар), Япония (891 нафар, уларнинг аксарияти Йокогамага карантинга юборилган «Diamond Princess» кемаси йўловчилари, яъни хорижликлар), Италия (650 нафар) ва Эрон (245 нафар) тўғри келмоқда.

Шунингдек, қатор мамлакатларда ўнлаб, бир неча ўнлаб коронавирус беморлари аниқланган: Сингапур, Гонконг, США, Кувайт, Таиланд, Франция, Баҳрайн, Тайвань, Австралия, Малайзия, Германия, Вьетнам, Буюк Британия, БАА, Канада ва Испания.

Россиянинг Қозон шаҳридаги касалхоналардан бирига эса уч нафар бемор ётқизилган — уларнинг барчаси «Diamond Princess» кемаси йўловчилари бўлиб, карантин пайти касалликни юқтириб олишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг