Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кремль Қозоғистон элчисини суҳбатга чақирди

Кремль Қозоғистон элчисини суҳбатга чақирди

Кеча 4 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон элчисини Украина элчиси Петро Врублевскийнинг Қозоғистонга қайтиб келгани сабабли суҳбатга чақирди.

Жорий йилнинг август ойида Қозоғистондаги Украина элчиси Петро Врублевский қозоғистонлик блогерга «биз ҳозир русларни қанчалик кўп ўлдирсак, болаларимиз уларни ўлдириши шунчалик кам бўлади», деган эди. Шундан сўнг расмий Москва бунга жиддий эътироз билдирган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Врублевский республика Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, унинг баёнотларига Қозоғистон томонидан норозилик билдирилган.

Қозоғистон расмийларининг илтимосига кўра, элчи сентябрь ойининг бошида Қозоғистонни тарк этган. Бироқ, кўп ўтмай Петро Врублевский Остонага қайтиб келган. Табиийки бундан Кремль ғазабланган. Қозоғистон расмийлари элчининг таътилда эканлигини ва у оиласини олиб кетиш учун келганини таъкидлашган. Шундан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги Қозоғистон элчисини суҳбатга чақирган.

Кеча 4 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова қуйидаги баёнот билан чиқди:

«Афсуски, Қозоғистон томонидан Бандеранинг бу эмиссари Остонага «ҳеч қачон қайтмайди», деган кафолатлар бажарилмади. Бу элчи Қозоғистон пойтахтида яна пайдо бўлди ва у «шунчаки нарсаларни йиғиш ва оиласини олиб кетиш» учун келмаган. Очиқча айтганда, у дипломатик миссия раҳбари сифатида дипломатик қабулларда қатнашмоқда. Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, 4 октябрь куни Қозоғистон Республикаси элчиси Э.Б.Кошербоев Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга бундай ҳолатга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги маълум қилинди».

Мария Захарованинг бу баёнотидан бир кун ўтиб, аниқроғи, бугун 5 октябрь куни Россиянинг Остонадаги элчиси Алексей Бородавкин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг