Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Масжидми ё черков? Туркия ва АҚШ ўртасида яна бир дипломатик зиддият юзага келди

Масжидми ё черков? Туркия ва АҚШ ўртасида яна бир дипломатик зиддият юзага келди

Истанбулнинг асосий рамзи саналган Авлиё София (Ayasofya) обидаси музейдан масжидга айлантирилиши кутилмоқда. Мазкур масалани кўриб чиққан Туркия давлат кенгаши президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан музейнинг масжидга айлантирилиши мумкинлигини истисно этмаган. Бу борадаги якуний қарор икки ҳафта ичида эълон қилинади.

Кенгаш Туркия президенти ташаббусини ёқласа, 15 асрлик тарихга эга Авлиё София обидаси ҳудудида 15 июль куни илк жамоат намози адо этилиши мумкин. 

Мазкур иншоот Истанбулнинг Султонаҳмад мавзесида, Босфор соҳилида қад ростлаган. Ибодатхона ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300-йилларига бориб тақалади. Аммо ёнғинлар туфайли насроний черкови вайрон бўлган. Византия императори Юстиниан 537 йилда вайрона ўрнида улкан ибодатхона барпо этган. Солномаларга кўра, ибодатхона қурилишига Византия империясининг 3 йиллик бож-хирожи сарфланган.

1453 йилда Истанбул султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан фатҳ этилгач, Авлиё София ибодатхонаси масжидга айлантирилган. Усмонийлар даврида обида теграсида миноралар барпо этилган. Шу тариқа кўҳна обида 500 йил давомида мусулмонлар хизматида бўлди. 1935 йилда замонавий Туркия етакчиси Мустафо Камол Отатурк кўҳна масжидни музейга айлантириш ҳақида фармон қабул қилди. 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2019 йил март ойида Авлиё София музейи масжидга айлантирилиши ҳақида гапирган. Бу АҚШ томонидан Қуддус шаҳри Исроил пойтахти деб тан олинишига жавоб экани хабар қилинган.

Жорий йи 5 июнда эса Туркия етакчиси ўз ёрдамчиларига музейни масжидга айлантириш бўйича амалий чоралар кўриш бўйича топшириқ берган.

Музейни масжидга айлантириш режаси Ғарб мамлакатлари томонидан илиқ кутиб олинмади. Хусусан, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Авлиё София музей бўлиб қолиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий Вашингтоннинг мазкур баёнотига кескин эътироз билдирди.

Таъкидланишича, Авлиё София турк заминида жойлашган бошқа тарихий осори атиқалар каби Туркия мулки саналади ва уларни қандай тасарруф этиш борасида Анқара бошқа давлатлардан фикр сўраб ўтирмайди. Жумладан, Авлиё София обидасини масжидга айлантириш масаласи ҳам мамлакатнинг ички ишидир.

«Албатта, ҳар ким фикр айтиш ҳуқуқига эга. Аммо суверен ҳуқуқларимиз хусусида гап борар экан, ҳеч бир давлат «биз даъват этамиз», «биз талаб қиламиз» қабилида сўзлашга ҳақли эмас» дейилади ТИВ баёнотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг