Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега Филиппинда «Pepsi»да ишлаш шармандалик саналади — 600 мингта қопқоқ можароси

Нега Филиппинда «Pepsi»да ишлаш шармандалик саналади — 600 мингта қопқоқ можароси

Фото: «Pikabu»

Ўтган асрнинг 90-йилларида «Пепси» компанияси ўз тарихига қора чаплаган энг даҳшатли реклама кампаниясини ўтказган. Воқеа Филиппинда юз берган.

Газли ичимликлар ишлаб чиқарувчиси филиппинликларга «Pepsi» ичимликлари қопқоқлари ёрдамида 1 миллион песогача (тахминан 40 минг АҚШ доллари) ютуқли бўлишларига ваъда берган. Аммо заводда хато кетиб, 1 миллион ютуқли қопқоқлардан нақ 600 мингтаси билан шишалар ёпиб юборилган...

Орадан 30 йил ўтса ҳамки аксарият филиппинликлар компаниядан ҳам, унинг номидан ҳам нафратланишади. Бу компанияда ишлаш ёки маҳсулотларини сотиш шармандалик ҳисобланади.

«349-ҳодиса»

1992 йил 25 май, Филиппин. Қарийб 65 миллион филиппинлик (мамлакатнинг 70 фоиз аҳолиси) телевизорлар қаршисида михланган, миллионер бўлиш орзусидаги миллионлаб кўзлар интиқ — роппа-роса соат 18:00 да ютуқли рақам эълон қилиниши керак...

Фото: «Pikabu»

Жуда кўпчилик сўнгги пулларигача махсус серияли «Number Fever» ёрлиқли пепсилардан сотиб олишган. Қоидалар оддий эди: рақамлар 001 дан 999 гача. Ҳафтада бир марта ОАВлар ютуқли рақамларни ва қанча пул чиққанини эълон қилиб турган. 100 песодан 1 миллион песогача (40 минг АҚШ доллари атрофида) ютуқлар чиқишига ваъда берилган.

Қиёслаш учун: 1 миллион песо — мамлакатдаги ўртача маошнинг 610 тасига тенг эди, нақ 50 йиллик маош. Афсуски, бундай ҳузурга эга бўлиш имконияти жуда паст  — 28 миллионга 1 нисбатни ташкил этарди.

Аввалига «Пепси» ушбу реклама кампаниясига 50 000 000 песо ажратди, натижалар ҳам чакки эмасди — компаниянинг бозордаги улуши 19 фоиздан 25 фоизга чиқди, заводлар қўшимча яна битта сменада ишлашга ўтди. «Пепси» раҳбарлари бу муваффақиятлар ортида ўзларини қандай даҳшат кутаётганини ўшанда билишганидами?...

...Телевизор қаршисига қайтамиз.

Ютуқ эълон қилинди, 1 миллион эгаси — 349-рақам! Ютуқ битта рақамга чиқди, аммо бутун мамлакат бўйлаб ярим миллиондан зиёд инсон ғалабани нишонлашга тушиб кетди. Ниҳоят оғир меҳнатдан қутулишади, бир умрга етадиган пул...

Аслида «Пепси» заводида 349-рақамли қопқоқдан иккитаси тайёрланиши ва шишалар ёпилиши керак бўлган, аммо компьютернинг хатоси билан нақ 600 000 та шиша 349-рақамли (1 миллион песо ютуқли) қопқоқ билан чиқиб кетган. Агар буларнинг ҳаммасига ютуқлар суммаси жамланса ва Америка долларига ўгирилса 24 миллиарддан ошиб кетардики, таъбир жоиз бўлса, Филиппин тугул бутун дунёдаги «Пепси» филиалларидан ҳам бунча пулни йиғиш маҳол эди.

Хуллас, бутун мамлакатда байрам бўлиб кетди. Аммо хатолик ўтганидан на бечора филиппинликлар, на компания хабардор эди. Кейин ҳамма қопқоқларни қўлларига маҳкам тутганича ютуқни олиб келиш учун бирин-кетин йўлга отланди...

Юзага келган вазиятдан шок ҳолатига тушган «Пепси» раҳбарияти кабинетларни қулфлаб олиб, тонггача буёғига нима қилиш кераклиги ҳақида стратегия ишлаб чиқаришга уринди. Орада вазиятдан Филиппин савдо вазирлигини ҳам бохабар этиб, хато ўтиб кетганини тушунтирмоқчи бўлишди.

Компания аввалига ютуқли рақамни ўзгартиришга уринди, тонгги газеталарда «134-рақам» ғолиб чиқди, деган эълонлар берилди. Бу билан ёниб турган оловга мой сепилди гўё: тўпланган «ютуқли оломон» жазавага тушиб компания заводларини тошбўрон қилгани қолди.

Вазият шунчалик таранглашдики, охирида компания раҳбарлари «ўхшамай қолган миллионерлар»га «349-рақамли» қопқоқлар учун 500 песодан тўлаб беришга ҳам уриниб кўришди.

Гарчи одамлар қаттиқ ғазабда бўлишгани билан, кўпчилиги шу пулларни олишга кўнди. 480 минг кишидан ютуқли қопқоқларни қайтариб олишнинг ўзиёқ компанияга 240 миллион песога тушди (реклама кампаниясига сарфланганидан 5 карра кўп!). Аммо бу билан компания осон қутулди деганлар қаттиқ янглишади.

«349 иттифоқи»

«349 иттифоқи». Фото: «Pikabu»

Қолган 120 000 киши 500 песога кўнмай, ютуқни тўлиқ беришни талаб қилиб олишди. Ҳатто «349 иттифоқи»га ҳам бирлашишди. Тинмай намойишлар ўтказиб, бу газли ичимликка бойкот эълон қилишди, компания мулки ва ходимларига ҳужумлар уюштиришга киришиб кетишди.

Фото: «Pikabu»

Айрим миш-мишларга кўра, бу одамларни «Coca Cola»нинг Филиппиндаги бошлиғи ҳам моддий, ҳам маънан қўллаб турган. Не ажабки, бу воқеалар ортидан «Кола» савдоси дарҳол ошиб кетиб, «Пепси»никидан 3 карра юқорилаган.

Фото: «Pikabu»

Оломон компания омборлари ва машиналарига ҳужум қилишгача етиб борди. Шу тариқа компаниянинг 37 та машинаси тошбўронга учради, компания раҳбарлари эса ҳар куни таҳдидли хабарлар оларди. Охири газланган ичимликлар қуролли қўриқчилар ёрдамида тарқатиладиган бўлди.

Қарий ўн минг одам бирлашиб, «Пепси» устидан судга жамоавий даъво билан чиқди. 1996 йилги суд мажлиси етказилган маънавий зарарни қоплаш учун ҳар бир даъвогарга 10 минг песодан ундирилиши ҳақида ҳукм чиқарди. Аммо бу қарор даъвогарларни қаноатлантирмади, суд жараёнлари яна 10 йилга чўзилди. 2006 йили Олий суд «Пепси»ни тўлиқ оқлаб, бўлиб ўтган воқеалар учун компания жавобгар эмаслиги ҳақида якуний қарорни чиқарди.

P.S. «Пепси можароси» Филиппинда антиамерика кайфиятлари ўсишига олиб келди. АҚШ ҳатто Филиппиндаги ҳарбий базаларини ёпишга мажбур бўлди. Филиппинликлар АҚШдан ҳар йили келадиган миллионлаб долларлик ёрдамдан-да воз кечишга тайёр эдилар.

Воқеалар ҳамон кўпчиликнинг ёдида, «349-» эса филиппинликлар тилига алданган одам ибораси бўлиб кўчиб ўтди. Ўшандан бери «Пепси» Филиппинда ҳатто оддий реклама беришни ҳам ўйламайди.

Манба: pikabu.ru

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг