Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олимлар ҳалокатли пандемиядан огоҳлантирди

Олимлар ҳалокатли пандемиядан огоҳлантирди

Фото: «Яндекс»

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жаҳондаги бирорта ҳам мамлакат бу касалликни бартараф этишга қодир эмас.

Гриппга ўхшаш дард бирдан тарқалиши муқаррар ва 36 соат ичида бутун сайёрамизни қамраб олиши мумкин, деган хулосага келди Жонс Хопкинс университети тиббий тадқиқотлар маркази олимлари. Бу ҳақда «Рамблер» хабар берди.

Мутахассисларнинг келтиришича, глобал пандемия бир зумда ўн миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритади. Муқаррар пандемияни атиги 13 та давлат енгиши мумкин. Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Канада, Франция, Голландия шулар жумласидан. Бироқ, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, улар ҳам узоқ вақт дош беролмайди.

Испания, Германия, Италия, Австрия ва Норвегиянинг глобал пандемияга тайёргарлиги камроқ.

Африка мамлакатлари иммунизация ёмонлиги боис эпидемияга қарши курашга мутлақо тайёр эмас, деб ҳисоблайди олимлар.

Тиббий тадқиқотлар маркази мутахассислари ўз маърузаларида ҳукуматларни зарур тиббий асбоб-ускуналарга маблағ ажратишга ҳамда аҳолининг тайёргарлик даражасини ошириш бўйича «ўқув тревога»ларини ўтказишга чақирди.

Айни вақтда, тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, ҳатто касаллик тарқалишини озгина муддат «тўхтатиб турадиган» мамлакатлар ҳам эпидемияга 100 та пунктдан бор-йўғи 40 тасига тайёр.

Гриппга ўхшаш хасталикнинг саноқли соатларда бутун сайёрани қамраб олишига доимий саёҳат қилувчилар сабаб бўлади.

Ҳалокатли инфекцион касалликлар ниҳоятда тез тарқалади. Самолётлар воситасида аҳоли мобиллиги туфайли хасталик саноқли соатларда бир мамлакатдан бутун дунёга шиддатли ёйилади, — дейилади Тиббий тадқиқотлар маркази маърузасида.

Бундан ташқари, олимлар энг хавфли вирусларнинг номини ҳам маълум қилишди: Эбола, Зика, Нипах ҳамда гриппнинг бешта тури.

Ғарбий Нил безгаги вируси ҳам одамзодга яшин тезлигида қирон келтириши мумкин — у антибиотикларга бардошли. Шунингдек, ҳалокатли касалликлар рўйхатига қизамиқ, ўткир суст миелит, сариқ безгак, денге безгаги, ўлат ва чечак киритилган.

Тиббий тадқиқотлар маркази маърузасида таъкидланишича, Ғарбий Африкада тарқалган биргина Эбола эпидемияси 11 минг кишини ҳаётдан олиб кетди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг