Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистонда 17 ёшли қизни олиб қочган уч гумондор қўлга олинди

Қирғизистонда 17 ёшли қизни олиб қочган уч гумондор қўлга олинди

Фото: kloop.kg

Қирғиз Республикаси, Чуй вилоятининг Жайил туман ички ишлар бошқармасининг ходимлари 17 ёшдаги қизни олиб қочган уч гумонланувчини қўлга олди. Воқеа 11 апрелда Қоратепа қишлоғида бўлган.

Шу куни мазкур қишлоқ фуқароси милицияга ариза билан мурожаат қилиб, номаълум кишилар унинг 2003 йили туғилган қизини олиб қочганини билдирган. Шу куни Жайил ТИИБнинг ходимлари жиноятда гумон қилиб уч кишини қўлга олган. Уларнинг бири 22 ёшда, иккиси 21 ёшда бўлган.

Қайд этилишича, гумондорлар 17 ёшдаги қизни кичик автобусга чиқаётганда ўғирлашган.

«Қиз борган жойида ўтирмай, милицияга ариза ёзди. Бу болалар 12 апрелда милиция ходимлари билан келишиб, пул бериб, ишни ёпишга ҳаракат қилишмоқда. Милиция ходимлари Айзада билан Буралайнинг воқеасидан сабоқ олишмадими?» — деб билдиришган маҳаллий аҳоли вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мамлакатда қиз олиб қочиш одати ҳамон мавжуд. Айзада Канатбекова 5 апрелда бир неча киши томонидан олиб қочилган. Ўша куни Канатбековани ўғирлаган Замирбек Тенизбаев уни машинада футболка билан бўғиб ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган. Уларнинг жасади икки кундан кейин Аламудун туманидаги қишлоқларнинг биридан топилган.

Мазкур воқеадан кейин жамоатчилик милициянинг ҳаракатларидан норози бўлиб, Бишкек ШИИББнинг раҳбариятини истеъфога чиқишини талаб қилиб митингга чиқишган. Бу орада Айзадани олиб қочишда иштироки бўлган яна тўрт гумондор қўлга олинган.

Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги хизмат текширувини олиб бориб, бунинг натижасида Бишкек ШИИББнинг ва Биринчи май ТИИБнинг раҳбарлари ишдан бўшатилиб, бир қанча милиционерлар тартиб жазосига тортилди.

Бу Қирғизистонда шов-шув бўлган биринчи воқеа эмас. 2018 йилнинг май ойида Бурулай Турдали қизи ўғирланиб, милиция бўлимида ўлдирилган. Олдин Бурулайни Марсбек Бўдўшов ҳамтавоқлари билан ўғирлаган.

Милиция уларни ушлаб, Жайил ТИИБнинг бўлимига олиб келган. Кейинчалик Бўдўшов Бурулайни милиция бўлимида пичоқлаб ўлдириб, кейин ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган.

2018 йилнинг охирида Бўдўшов 20 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, Бурулайни олиб қочишга ёрдам берган Акмат Сейитов 7 йилга кесилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг