Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон «олтин виза» жорий қилмоқда

Қозоғистон «олтин виза» жорий қилмоқда

Фото: Xabar.uz / Собир Салим

Қозоғистон инвесторларни, малакали мутахассисларни ва истеъдодларни жалб қилишга йўналтирилган миграция сиёсатининг янги моделига ўтмоқда. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шунга доир фармонни имзолади.

Ҳужжат кенг кўламли рақамли ислоҳотларни ва аввалги рухсат бериш-квота тизимидан рағбатлантирувчи тизимга ўтишни кўзда тутади.

Қайд этилишича, асосий мақсад мамлакатда инвестициялар ва инсон капитали учун минтақавий ҳаб шакллантириш бўлиб, режалаштирилган ўзгаришларни амалга ошириш учун ҳукуматга 2026 йил якунига қадар муддат берилган.

Қозоғистон матбуоти хабарига кўра, ислоҳот доирасида виза тизими қайта кўриб чиқилади. Тоифалар бирхиллаштирилади ва янги форматлар билан тўлдирилади. Инвесторлар ва директорлар кенгаши аъзолари учун бизнес виза, олимлар, шифокорлар, маданият арбоблари ва етакчи олий ўқув юрти битирувчилари учун малакали ходим визаси, шунингдек, аниқ инвестиция лойиҳалари иштирокчилари учун вақтинчалик ходим визаси жорий этилмоқда.

Инвесторлар ва юқори малакали мутахассислар учун «олтин виза» жорий этилиши муҳим ўзгаришлардан ҳисобланади. Ушбу виза соҳиблари давлат хизматларидан кенгайтирилган тарзда фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу амалда фуқароларнинг ҳуқуқларига яқин мақомдир.

«Олтин виза» эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун катта солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бу ўринда гап жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, шунингдек, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш ҳақида кетмоқда.

Ислоҳотнинг алоҳида йўналиши — рақамлаштиришдир. Хорижий фуқаролар учун e-Residency модулига эга QazETA ягона платформаси яратилади, у «ягона дарча» тамойили бўйича масофадан ариза топшириш имконини беради.

Маълумот ўрнида: жорий йил 30 апрел куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган «олтин виза» олиш қоидаларини тасдиқлади.

Унга мувофиқ, Қозоғистон компаниялари устав капиталига ёки маҳаллий эмиссия қимматли қоғозларига камида 300 минг доллар инвестиция киритган чет эл фуқаролари ушбу виза учун ариза топшириши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг