Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сочларим бенуқсон ҳолатда бўлиши керак!» Президент Трамп бош ювишда сув етишмаётганидан ёзғирди

«Сочларим бенуқсон ҳолатда бўлиши керак!» Президент Трамп бош ювишда сув етишмаётганидан ёзғирди

Фото:«Reuters»

АҚШ президенти Дональд Трамп сув миқдори чегаралангани боис бошини рисоладагидек юва олмаётганидан шикоят қилди. Президентнинг норозилиги ортидан Оқ уй маъмурияти мамлакатда сув истеъмоли бўйича 30 йил аввал ўрнатилган чекловни бекор қилиш ҳаракатига тушди.

Гап шундаки, 1992 йили катта Жорж Буш президентлиги даврида душ қабул қилишда сув миқдори бўйича чеклов ўрнатилган. Бунга кўра, жўмракдан тушаётган сув миқдори дақиқасига 2,5 галлондан (9,5 литр) ошмаслиги керак.  Ушбу чеклов сув ва энергияни тежаш мақсадида жорий этилган. Ж.Буш давридан кейинги ўн йилликлар давомида аҳоли ювиниш хонасида бир неча жўмрак ўрнатишга одатланди. Президент Барак Обама даврида қоидага аниқлик киритилди: 9,5 литрлик чеклов битта жўмракка эмас, балки барча жўмракларга тегишли экани белгиланди.

АҚШ энергетика вазирлиги эса ушбу чекловни бекор қилишни таклиф этмоқда. Вазирлик таклифига кўра, 9,5 литрлик чеклов фақат битта жўмракка татбиқ этилиши керак. Яъни ювиниш хонасида тўртта жўмрак бўлса, сув сарфи дақиқасига 38 литрни ташкил этади.  

Президент Трамп бир ой аввал душда бошини кўнгилдагидек юва олмаётганидан ёзғирган эди.

«Жўмракни очасиз – (етарли) сув тушмайди. Қўлингизни ювмоқчи бўласиз – (етарли) сув тушмайди. Нима қиласиз? Албатта, душда кўпроқ вақт қолишга тўғри келади. Сизларни билмадим, аммо менинг сочларим бенуқсон ҳолатда бўлиши керак. Бенуқсон ҳолатда!» – деган Д.Трамп.

Айни чоқда атроф-муҳит муҳофаза ва энергия манбалари масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар Оқ уй маъмуриятининг ушбу ташаббусини танқидий баҳолаган.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг