Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркияда муҳим босқич бошланди

Туркияда муҳим босқич бошланди

Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойга кўра, яқин йилларда сайёҳлар сонини 75 миллионга етказиш кўзда тутилган.

Туркияда туризм соҳасида фаолият юритувчи ишчи-ходимларни коронавирусга қарши эмлаш жараёни бошланди. Маданият ва туризм вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги шафелигида ўтказилаётган дастур доирасида биринчи навбатда авиакомпаниялар, аэропортлар, сайёҳлик агентликлари ходимлари ҳамда профессионал гидлар эмланади. Сайёҳлик сектори вакилларини эмлаш жараёни жорий йил ёз мавсумигача якунланади.

«Хавфсиз туризмни сертификатлаш» дастури доирасида амалга оширилаётган эмлаш жараёни яқинлашиб келаётган мавсумда халқаро сайёҳлар, туризм ходимлари ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган.

Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан 2020 йилда жорий этилган «Хавфсиз туризмни сертификатлаш» дастури соҳа ходимлари ҳамда меҳмонларнинг саломатлигини муҳофаза этиш бўйича кенг кўламли чораларни ўз ичига олади. Халқаро сертификатлаш идоралари томонидан бериладиган ушбу сертификат авиакомпаниялар, аэропортлар ва бошқа транспорт объектлари, тураржой сектори ҳамда умумий овқатланиш муассасаларида соғлиқни сақлаш, санитария-гигиена бўйича талаблар сўзсиз ижро этилишини таъминлайди. Сертификатлаш тизими меҳмонларнинг ўз таътилларини хавфсиз ва тозаликка риоя қилинган ҳолда ўтказишини кафолатлашга йўналтирилган.

Ушбу дастур «Йўловчилар саломатлиги ва хавфсизлиги», «Ходимлар саломатлиги ва хавфсизлиги», «Объектлардаги эҳтиёткорлик чоралари», «Транспорт соҳасидаги эҳтиёткорлик чоралари» каби 4 муҳим банддан иборат.

СOVID-19 га қарши курашиш ва дунёнинг энг хавфсиз жойларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Туркия дунёдаги муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлган «Хавфсиз туризмни сертификатлаштириш» дастурига инвестиция киритишда давом этмоқда. Мамлакат сертификатлаш кўламини кенгайтириб, 30 ёки ундан ортиқ хоналарга эга бўлган меҳмонхоналар учун ушбу дастурни мажбурий қилди. Ҳозирги кунга қадар 8 мингдан ортиқ объект сертификатланган.

Йўловчилар саломатлиги ва хавфсизлиги қоидалари ташриф буюрувчиларнинг терминалга ниқобсиз киришини тақиқлаш, уларга текин ҳимоя ниқобини тарқатиш, аэровокзал/аэропортнинг кириш жойида тана ҳароратини ўлчаш учун тепловизорли камералар, дезинфекция воситалари ва кабиналарни таъминлаш каби махсус эҳтитёткорлик чораларини ўз ичига олади.

Туризм сектори вакилларини коронавирусга қарши эмлаш тадбири ҳам ушбу дастурнинг муҳим таркибий қисми саналади. Расмий Анқарага кўра, Туркия 2021 йилда соғлом ва хавфсиз сайёҳлик жойлари эга бўлган ҳолда, халқаро сайёҳлар учун энг мақбул маскан бўлишга интилмоқда.

Ўрта Ер денгизида, Осиё ва Европа қитъалари кесишмасида жойлашган Туркия ўзининг бетакрор иқлими ва табиати, кўҳна тарихий обидалари ҳамда ривожланган сайёҳлик масканлари билан кўп сонли хорижликларни жалб этмоқда.

Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, 2023 йил – Туркия республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги арафасида мамлакатга келувчи сайёҳлар сонини 75 миллионга, ушбу соҳа бўйича йиллик даромадни эса 65 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Жаҳон сайёҳлик ташкилотига кўра, Туркия сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи мамлакатлар ўнлигига киради.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил январь ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Aнқара шифохонасида коронавирусга қарши эмланди.

Жорий йил март ойида эса мамлакат саноат вазири Мустафо Варанк туркиялик олимлар коронавирусга қарши интраназал вакцинани клиник синовдан ўтказаётгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, Туркия ўз вакцинасини 2021 йилдаёқ қўллашни режалаштирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг