Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди

Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди

Фото: «Xabar.uz»

Туркия Республикасида COVID-19 тарқалишига қарши курашиш доирасида карантин чоралари кучайтирилиб, янги чекловлар жорий этилмоқда.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси маълум қилишича, 2020 йил 1 декабрь соат 21:00 дан пандемия билан боғлиқ қуйидаги янги чекловлар кучга киради:

  • иш кунлари соат 21:00 дан 5:00 га қадар комендантлик соати белгиланди;
  • дам олиш кунлари жума куни кечқурун соат 21:00 дан душанба куни эрталаб соат 5:00 га қадар кўчага чиқиш мумкин эмас;
  • жаноза ва тўй маросимларида қатнашчилар сони 30 кишидан ошмаслиги керак;
  • барча давлат муассасалари иш кунлари соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақтда фаолият кўрсатади;
  • 65 ёшдан ошган ва 20 ёшдан кичик фуқаролар жамоат транспортидан фойдалана олмайдилар;
  • меҳмонларни қабул қилиш, мавлудлар, кечалар ўтказиш, байрамларни, жумладан янги йилни нишонлаш тақиқланди;
  • кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Шунингдек, сауна, ҳаммом ва лунапарклар ҳам ёпилади;
  • ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирларини ҳозирги вақтдагидек томошабинларсиз ўтказишда давом этилади;
  • савдо марказларига фақат махсус код (HES) билангина кириш мумкин бўлади. Махсус код Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон иловаси орқали олинади;
  • барча болалар боғчалари, тайёрлов синфлари ва бошқа болалар таълим муассасалари фаолияти тўхтатилади. Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда;
  • шифохоналар, ўт ўчириш хизматлари, полиция ва дорихоналар ҳар куни ҳеч қандай чекловларсиз ишлайди;
  • комендантлик соати вақтида фақат уйга етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи дўконлар, кафе ва ресторанлар ҳам ишлашни давом эттиради;
  • агар бирор кишида самолёт ёки поезд чиптаси бўлса, у аэропорт ёки темир йўл станциясигача етиб олиш учун шахсий ёки жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин;
  • жамоат транспортидан фойдаланиш, савдо маркази, касалхона, давлат идораларига кириш учун HES коди талаб қилинади. Бу Туркия фуқароларига ҳам, мазкур мамлакатда яшаш ҳуқуқига (ikamet) эга бўлганларга ҳам тегишли;
  •  мунтазам равишда юз ниқобини тақиб юриш тартиби, ижтимоий масофани сақлаш ва вирусга қарши гигиеник қоидаларга амал қилиш, шунингдек, кўчада сигарет чекишга қўйилган тақиқ ўз кучида қолмоқда.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг