Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркманистон: Ўқувчилар мактабга дори қутиси билан келиши лозим, акс ҳолда...

Туркманистон: Ўқувчилар мактабга дори қутиси билан келиши лозим, акс ҳолда...

Фото: «Turkmenportal.com»

Туркманистоннинг Лебап вилоятида мактаб ўқувчиларига қизилмия дамламасини олиб юриш мажбурияти юкланди. Қишки таътил якунланиб, 18 январдан ўқиш бошлангач, ҳар бир ўқувчи мактабга дори қутиси билан келиши лозим. Қутида қизилмия сиропидан ташқари антисептик, беш дона тиббий ниқоб, резина қўлқоп ҳамда оксалин мази бўлиши талаб этилади. Ушбу талабни бузган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда устозлари жаримага тортилади.

Маҳаллий давлат ташкилотлари ходимлари ҳам қизилмия дамламаси ва бошқа гигиеник воситаларни ўз ичига олган тиббий қути билан келиш борасида огоҳлантирилган. Қутисиз келган ходимлар ишхонага қўйилмаслиги уқтирилган.

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил декабрь ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов COVID-19га қарши курашда халқ табобатида кенг қўлланувчи гиёҳ – қизилмиядан фойдаланишни тавсия қилган эди. Ҳукуматнинг онлайн мажлисида нутқ ирод қилган президент қизилмиянинг коронавирусга қарши хусусиятларини тадқиқ этиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, ушбу гиёҳ илдизидан аллергия, шамоллаш, бронхиал астма ҳамда вирусли касалликларга қарши 350 дан зиёд турдаги дори-дармон тайёрланади. Гурбангули Бердимуҳамедов муаллифлигида чоп этилган «Туркманистоннинг доривор ўсимликлари» китобида ҳам қизилмия илдизининг шифобахш хусусиятлари батафсил баён қилинган.

Туркманистон Марказий Осиё давлатлари орасида COVID-19 инфекцияси тарқалиши расман қайд этилмаган ягона давлат саналади. 2020 йил март ойида давлат ОАВга «коронавирус» истилоҳини ишлатиш ҳам ман этилган.

Расмий Ашхободга кўра, мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ бирорта ҳолат рўйхатга олинмаган. Аммо мамлакатда ниқоб режими ҳамда бошқа бир қатор чекловлар амал қилмоқда. Хусусан, 50 ёшдан ошган фуқароларнинг ҳаракатланиши чекланган.

2020 йил сентябрь ойида эса Туркманистон ҳукумати коронавирус тарқалиши таҳдиди таъсирида юқумли хасталиклардан даволанишдан бош тортган ёки шифохонадан қочган беморлар учун жиноий жавобгарлик жорий этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг