Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Компютер синфига киритилмаган талабалар, «тошбақа» интернет, биз тасаввур қила олмаган келажак — ўрта авлод ҳикояси

Компютер синфига киритилмаган талабалар, «тошбақа» интернет, биз тасаввур қила олмаган келажак — ўрта авлод ҳикояси

Фото: Xabar.uz

Сўнгги етти йил ичида аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра ўсди. Даромад яхши бўлса, сервисларга талаб ҳам ортиб бораверади. Айниқса, IT хизматларга эҳтиёжнинг юқорилиги соҳада «катта сакраш»ни юзага келтирди.

Бир неча йил аввал телефон ва компютер нималигини билмаган инсонларнинг фарзандлари бугун дунёнинг энг йирик «айти» компанияларида ишлашяпти, интернетдан фойдаланишни билмаган авлоднинг ука-сингиллари бугун  IT соҳасида стартаплар қилиб, миллионлаб доллар ишлаб топишяпти.

Ҳа, бу соҳа катта ва ўрта авлод кўз ўнгида бутунлай ўзгариб кетди. Биз ҳатто тасаввур қила олмаган янгиланишлар бугун ёшлар учун одатий ҳолга айланган.

Компютер синфига киритилмаган талабалар

Узоқ эмас, бир неча йил аввал ҳаммаси ҳозирдагидек одатий ҳол эмасди. 1990 йилларнинг охирлари – 2000 йилларнинг бошларида Тошкент шаҳридаги университетда таҳсил оларканмиз, факултетдаги компютер синфига умуман киритилмаганмиз. Афсуски, давлат университетида компютерларга шахсий мулкдек қараларди. Ҳамма ОТМларда ҳам бундай бўлмагандир, лекин аксарида бу синф кўргазма учун ёки айрим шахсларнинг эҳтиёжи учунгина хизмат қиларди.

Илғор ва ўзига тўқ талабалар соатига пул тўлаб, интернет клубларда компютердан фойдаланишни ўрганишарди. Саноқли хонадонларда бу техника бўларди.

Ўша вақтларда мобил телефон аппаратлари ҳам жуда қиммат, мобил алоқанинг эса сонияси пул турарди.

Dial-up интернет

Ўқишни тугатиб, ишга кирган вақтимизда таҳририятда dial-up модемида ишлайдиган  интернетдан фойдаланиларди. Тасаввур қилинг: бу қурилмада интернет кўпи билан 30 кбит/с тезликда ишлар, унга ҳам уланиб олиш жуда бир машаққат эди. 1 мегабитлик фотони юклаш учун узоқ кутилар, баъзида юклаб олишга интернет тезлигининг кучи етмасди.

Хориж хабарлари орқали қайсидир мамлакатда интернетда видео кўриш мумкинлиги, кинофилмни бир неча дақиқа ичида юклаб олиш мумкинлигини ўқисак, бизга эртакдек туюларди.

Бугун ҳатто кўплаб қишлоқларда ҳам смарт-телевизорларимиз тезкор интернетга уланган, ҳеч қандай лимитларсиз исталганча видеолар кўрса бўлади. Одамлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳамма хабарлардан хабардор бўлиб туришади. Ёшлар инстаграм юритади, вайнлар олади, интернетда дўстлар орттиради, тил ўрганади. Технологияга чуқурроқ ёндашганлари эса дастурчилик касбини-да эгаллайди.

Аввал оддий газ истеъмолига тўлов қилиш учун ташкилотнинг эшиги тагида соатлаб кутиларди. Электр, сув, солиқ тўловлари учун ҳам шундай. Орада тўлов қилишни сўраб келиб, аҳолини «кийдириб» кетадиганлар қанча эди. «Права»ни янгилаш, паспорт олиш, паспортни пропискага қўйишдаги асаббузарликларни, айтмаса ҳам бўлади. Ҳар бир иш учун маҳалладан «справка» керак эди. Бугун бундай оворагарчиликлардан асар ҳам йўқ.

Узоқ куттирмаган натижалар

Рақамли келажак биздан узоқда эмас, у аллақачон биз билан. Уни оддий ҳаётимизда ҳам ҳис қиламиз: смартфондаги ақлли хизматлардан тортиб, бир неча тугмани босиш билан амалга ошадиган электрон давлат хизматларигача...

Бундан бир неча йил аввал рақамлаштириш ғояси бироз мавҳум туюларди. Аммо 2020 йили «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастури ишга туширилганидан сўнг, жараён фаол ўзгаришлар босқичига ўтди. Мақсад — фақатгина технологияларни модернизация қилиш эмас, балки улардан ҳар бир инсон фойдаланиши учун имкон яратиш: интернет тезлигини ошириш, рақамли ечимларни иқтисодиётга интеграция қилиш ва инсонлар ҳаётини енгиллаштириш.

Натижалар ўзини узоқ куттирмади. Мамлакат халқаро рейтингларда ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида (EGDI) Ўзбекистон 193та мамлакат орасида 63-ўринга кўтарилди.

Рақамлаштириш давлат хизматлари соҳасини тубдан ўзгартирди. Бугунги кунда кўплаб хизматлар онлайнга кўчирилган, бу эса одамларнинг вақт сарфини қисқартириб, қоғозбозликни йўққа чиқармоқда. Давлат хизматларидан фойдаланиш энди бир неча дақиқа вақтни олмоқда, бу эса жараённи анча қулай қилади. Ёши катта инсонлар учун рақамли технологияларни ўзлаштириш осон эмас. Шунинг учун ягона портал хизматларидан фойдаланиш бўйича доимий ўқув-машғулотлари ўтказиб келинади. Бу ҳатто нафақахўрларга ҳам уйдан чиқмасдан коммунал тўловларни амалга ошириш ва керакли маълумотномаларни олиш имконини яратмоқда.

Қўлида гаджет билан туғилганлар

Lotus Software асосчиси Митч Капорнинг бир гапи бор: «Ахборот технологиялари фақат машиналарни тезкор қилиш учун эмас, инсонни кучли қилиш учун керак».

Ҳа, технологиялар бизни кучли қилмоқда. Аввал кунлаб амалга оширган юмушларимизни ҳозир бир неча дақиқада бажаряпмиз. Ёшларимиз бу борада биздан ҳам кучли. Чунки улар — «қўлида гаджетлар билан туғилган» Z авлод вакилларидир.

Ўзбекистон жорий йил IT соҳаси экспортини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бунда асосий куч, албатта, ёшлардир. Ҳозирда дунёнинг йирик IT компанияларида ишлаётган юзлаб ёшларимиз бор. Ўзбекистонда шундай ёшлар билан биргаликда стартап лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Умуман, давлат раҳбари томонидан 2025 йилда IT хизматлари ҳажмини 30 фоизга ўстириб, 80 триллион сўмдан ошириш вазифаси топширилган.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳасига қўшимча 300 минг ёшлар жалб этилади. «Coursera» платформасида 3 мингдан ортиқ курсларда сунъий интеллект ёрдамида ёшлар учун ўзбек тилида таълим олиш имконияти йўлга қўйилади.

Бирлашган Араб Амирликлари билан Ўзбекистонда «Бир миллион сунъий интеллект фойдаланувчилари» лойиҳасини амалга оширишга келишилган.

Ўтган йили 25 минг нафар қизлар IT бўйича бепул ўқитилди. Бу йил дастурчи қизлар сони 2 баробар оширилиши режа қилинган. Минг нафар иқтидорли қизлар IT оромгоҳларида халқаро олимпиадаларга тайёрланади.

Марра — мамлакатни минтақавий IT-ҳабга айлантириш

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясига кўра, рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий «IT-НUB»га айлантириш устида жадал ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун барча аҳоли пунктларини интернет билан тўлиқ қамраб олиш ва унинг тезлигини 10 баробар ошириш, халқаро интернетга уланиш тезлигини 5000 Гбит/с га етказиш, оптик толали алоқа линиялари ва кенг полосали маълумот узатиш тармоқларининг қамровини 100 фоизга етказиш кўзланган.

IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга чиқариш режа қилинган. Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида топ-30 таликка кириш кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларида рақамлаштиришнинг қанчалик муҳимлигини доимо таъкидлаб келади. Бу давлатимизнинг танланган йўлга содиқлигини кўрсатади. Рақамли трансформация – шунчаки жозибадор сўз ёки шиор эмас, балки Ўзбекистоннинг келажагини белгилайдиган стратегик устувор йўналишдир. Кўзланган режаларга қараганда, мамлакат бу йўналишда ҳаракатни тўхтатиш ниятида эмас. Ҳаракат бор жойда эса натижа ҳам бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг