Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Текин мактаб, текин автобус ёхуд тоғ тепасидаги «IТ Villaj»га саёҳат (фото)

Текин мактаб, текин автобус ёхуд тоғ тепасидаги «IТ Villaj»га саёҳат (фото)

Тоғнинг тепасидаги қишлоқда ахборот технологиялари бўйича таълим берадиган текин мактабни кўрдим. Бу ерга қишлоқлардаги мактаблардан болаларни автобусда олиб келишади, текинга-я, тоғнинг тепасида-я...

Лекин бу мактаб биз мақтайдиган бирор ривожланган давлатда эмас, Самарқанднинг Нуробод тумани Оқсой қишлоғида. Бу ерга Нуробод ва Пастдарғом туманларидан уч ой таътилда 600 га яқин бола қатнаб таҳсил олади. Демак, келажакда 600 га яқин бола қора ишчи бўлмайди. Бу фақат ёзги таътил давомида, аммо мажмуада ўқиш йил давомида ташкил этилади.

Ўзиям мактаб ўқувчисидек кўринаётган 24 ёшли айти-ўқитувчи Фарид Бахтиёровдан сўрадим:

— Нега ўртоқларингиз шунақа имкониятлардан фойдаланмай Россияга чопади?

— Менгаям, ўқиб нима қиласан, Россияга бориб бир йил ишласанг уйланасан, машинали бўласан деган «мотивация»ни беришган, миямга жуда қаттиқ сингдирган эдим, то шу соҳага қизиқмагунимча. Мен ҳам Россияга кетиб ишлаб пул топишдан бошқа чорани ўйламаганман. Гарчи Тошкентда амалий фанлар бўйича мутахассисликка ўқиган бўлсам-да, иш топишдан умидсиз эдим. Кейин «ICT Week Uzbekistan–2022» AКТ ҳафталигининг якунловчи кунида «UZINFOCOM» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа — «IТ Villaj» мажмуаси очилди. Ва мен шу ерга ўқитувчи бўлиб ишга кирдим.

Бахтиёрнинг топадиган даромадига қизиқдим, «Иккита жойда ишлайман, бири шу мактаб, иккинчиси Самарқанд шаҳрида ўзимиз очган ўқув маркази. Ҳар ойда ўн миллион сўм топарканман, ҳисоблаб кўрсам. Биласизми, 24 нафар синфдошимдан ярми Россияда. Уларни нимагадир бирор нарсани нолдан бошлаб эришишга ундаш қийин: тайёр иш ва бирданига катта пул керак...». Кўпинча ота-оналарга ҳам ўша ёқлардан пул топиш осондек кўринади, яъни улар фарзандларининг Россияда ишлаб пул топишдек кучли иштиёқидан воз кечмас экан, олдидан оқаётган сувнинг қадри бўлмайди.

Гўзал манзарали тоғ ёнбағрида жойлашган ушбу айти қишлоғи республиканинг чекка ҳудудларида айти инфратузилмасини ташкил этиш, чекка жойлардаги болаларни илғор технологиялар билан қизиқтириш ва ўқитиш имконини бермоқда.

Нафақат ўқитиш, балки бу ерда халқаро ва маҳаллий айти-форумлар, дастурчилар учун ҳакатонлар ва бошқа турли хил айти-тадбирлари ташкил этилмоқда. Энг муҳим янгилик AКТ соҳасидаги янги йўналиш — айти-туризмни ривожлантириш учун катта имконият ҳисобланади.

60 иш жойига мўлжалланган мажмуада 3 та ўқув хонаси, 8 ўринли тураржой, 15 кишилик конференция зали, тиббиёт маскани, эко-кинотеатр мавжуд. Бу ерда болалар ёш дастурчи ва робототехника курсларидан ташқари, инглиз тили бўйича ҳам сабоқ олмоқдалар.

— Фронтед дастурлаш курсини тамомладим, — дейди 14 ёшли Амирхон Маннопов. — Менга бу ерда ўқиш жуда ёқади, дарс қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Бу соҳада ўз устингизда тинимсиз ишламасангиз, билимларингизни янгилаб бормасангиз, орқада қолиб кетасиз. Келажакда мақсадим шу соҳа бўйича ўқишимни давом эттириш.

Дарвоқе, бирор янгиликни яратишнинг ўзи машаққатли иш. Аммо лойиҳа амалга оширилгандан кейин у доимо қўллаб-қувватлаб турилмаса, шунча меҳнат ўзини оқламайди. Лойиҳани кенг тарғиб этиш ва унинг натижасига эришиш фақатгина яратувчиларнинг вазифаси эмас. Бу ерда ота-оналарнинг ҳам ёрдами керак бўлади. Улар фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмаслиги, мана шундай мактаблар имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши, йўл-йўриқ бериши, қизиқтириши, керак бўлса, уларнинг қўлидан етаклаб олиб келиш ҳам қўллаб-қувватлов аслида.

Бизга хабар беришларича, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ҳам «IТ-шаҳарча» мажмуаси очилибди.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг