БМТ Исроилга талаб қўйди

БМТнинг Фаластин бўйича махсус вакили Франческа Альбанезе Исроил ҳамда унга қурол-аслаҳа етказиб бераётган давлатлардан Ғазо секторида оммавий қотилликларни тўхтатишни талаб қилди.
“(Ғазода) қанча болалар ота-оналари, бобо-момолари билан очликдан вафот этди, тириклай ёқиб юборилди ёки Ғарбда ишлаб чиқарилган бомбалар туфайли қанча одамнинг тана аъзолари сочилиб кетди ва қопларга солинди?!” – деб ёзди БМТ мулозими ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
БМТнинг Фаластин бўйича махсус вакили Франческа Альбанезе аввал ҳам Исроилга қурол-аслаҳа етказишга чеклов қўйиш, Тель-Авивга қарши иқтисодий, сиёсий ва дипломатик санкциялар жорий этишни талаб қилганди. У, шунингдек, Исроилнинг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиққан.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 52243 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг асосий қисми болалар ва аёллардир. Вайроналар остида минглаб жасадлар қолаётгани айтилмоқда.
Euronews хабарига кўра, сўнгги суткаларда Исроил ҳужуми оқибатида Ғазо бўлгасида 51 киши ҳалок бўлди, 115 киши жароҳатланди. Улар хавфсиз ҳудуд деб эълон қилинган чодирларда жон сақлаётган тинч аҳоли вакиллари эди.
Айни пайтда Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.
Сўнгги 60 кун давомида Исроил армияси Ғазога озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини ҳам ўтказмаётир. Халқаро ташкилотлар ҳудуд аҳолиси мислсиз инсоний фалокат ёқасида экани ҳақида бонг урмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter