Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Яхшиси ҳали олдинда» — дунёдаги энг кекса президент яна сайланмоқчи

«Яхшиси ҳали олдинда» — дунёдаги энг кекса президент яна сайланмоқчи

Фото: Getty Images

Камеруннинг 92 ёшли президенти Пол Бийя саккизинчи муддатга ҳам номзодини қўймоқчи, деб хабар берди TRT Global. Президент сайлови шу йил кузида ўтказилади.

Мамлакатни 43 йилдан буён узлуксиз бошқараётган Пол Бийя пенсияга чиқишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.

«2025 йил 12 октябридаги президент сайловига номзодимни қўяман. Ишонаверинг, менинг қатъиятим биз дуч келаётган жиддий чорловлардан-да залворлироқ. Биргаликда ҳар қандай чорловларга бас келамиз. Яхшиси ҳали олдинда»,деди Пол Бийя X ижтимоий тармоғида француз ва инглиз тилларида ёзган мурожаатида.

Бийя — ўзи етакчи Камерун халқ-демократик ҳаракати партиясидан амалдаги номзод. Бироқ ёши, саломатлиги ва мамлакатни бошқара олиш қобилияти мубоҳасаларга сабаб бўляпти.

Агар сайловда яна ютса, Камерунни 99 ёшигача бошқариши мумкин. 2008 йилги қонунга кўра, бир одам мамлакатга неча муддат президент бўлиши чекланмаган. Шундай экан, Бийянинг йўли очиқ.

Бироқ сўнгги ойларда эски сафдошларидан бир нечтаси ундан узоқлашди, охирги ҳафталарда эса икки нафари умуман бошқа партияларга ўтиб кетди — собиқ бош вазир Белло Буба Майгари, собиқ вазир Исса Чирома Бакари ҳам президентлик сайловида омадларини синаб кўришмоқчи. Булардан ташқари, Бийянинг 2018 йилги сайловдаги рақиби ва танқидчиси Морис Камто, таниқли мухолифатчи Кабрал Либии ҳам «кузги марафон»да 92 ёшли президент билан ёнма-ён пойгада қатнашиши кутиляпти.

Маълумот учун: Пол Бийя (1933 йилда туғилган) 1982 йил ноябридан буён Камерунни узлуксиз бошқариб келяпти. Бу қанчалик узоқ муддатлигига яхши мисол — энг машҳур диктатор Ким Чен Ин (КХДР) 1982 йилда туғилган.

Пол Бия — французпараст сиёсатчи, бироқ Хитой билан ҳам иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган.

Parade журнали 2009 йилда уни энг ёмон диктаторлар рейтингида 19-қаторга жойлаштирганди. 2019 йилдан эътиборан дунёдаги энг ёши улуғ давлат раҳбари ҳисобланади.

Куни кеча Камерунга қўшни Нигериянинг собиқ президенти Муҳаммаду Бухорий 82 ёшида вафот этганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг