Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2026 йилда яшаш учун энг қулай шаҳар аниқланди (инфографика)

2026 йилда яшаш учун энг қулай шаҳар аниқланди (инфографика)

Австралия пойтахти Канберрада 500 мингга яқин аҳоли яшайди.

Oxford Economics таҳлил маркази сайёрамизнинг 1 000 та шаҳрини қамраб олган Global Cities Index 2026 тадқиқоти доирасида ҳаёт сифати энг юқори шаҳарлар рейтингини тақдим этди.

Рейтингда даромадлар тенглиги, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ҳажми, уй-жой харажатлари, кутилаётган умр кўриш давомийлиги, жиноятчилик даражаси, шунингдек, маданий масканлар ва ҳордиқ чиқариш жойларининг мавжудлиги ҳисобга олинган.

Канберра — пешқадам

Австралия пойтахти Канберра энг юқори — 100 балл тўплаган ҳолда, ҳаёт сифати рейтингида пешқадамликни қўлга киритди. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, шаҳар бундай натижага юқори маошлар ҳамда аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовутнинг нисбатан камлиги эвазига эришди. Давлат секторида барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларининг кўплиги, аҳолининг кутилаётган умр кўриш давомийлиги юқорилиги ҳамда жон бошига тўғри келадиган ҳордиқ масканларининг кўплиги ҳам шаҳарни рейтинг байроқдорига айлантирди.

Эътиборли жиҳати, умумий Global Cities Index рейтингида Канберра бор-йўғи 45-ўринда. Бу эса шаҳар барча кўрсаткичлар бўйича жаҳон етакчилари қаторига кирмаган тақдирда ҳам, ўз аҳолиси учун юқори даражадаги ҳаёт сифатини таъминлай олганидан далолат беради.

Европа яққол устун

Рейтингда ҳаёт сифати бўйича Европа шаҳарлари яққол устунлик қилмоқда. Пешқадамлар қаторидан Берген (Норвегия), Гренобл (Франция), Берн (Швейцария) ва Осло (Норвегия) каби шаҳарлар жой олган.

Айниқса, Германия шаҳарлари жуда яхши кўрсаткичларни намойиш этди: Дрезден, Берлин, Мюнхен ва Штутгарт рейтингнинг биринчи йигирматалигидан жой олди. Швейцариянинг учта шаҳри — Берн, Базел ва Цюрих ҳам дастлабки йигирмаликка кирди. Италия эса Венеция, Падуя ва Генуя шаҳарлари билан етакчи ўттизликда жойлашди.

Россия пойтахти Москва ҳаёт сифати бўйича 180-ўринни эгаллади.

Европадан ташқаридаги ҳудудлар орасида Австралиянинг Канберра ва Сидней, Сингапур, АҚШнинг Сан-Хосе ва Сиэтл шаҳарлари, шунингдек, Тайваннинг Синчжу ва Тайбэй шаҳарлари етакчилар қаторида.

Жозибадор, аммо қиммат

Одатда яшаш учун жуда қулай деб ҳисобланадиган айрим машҳур шаҳарлар ҳаёт сифати рейтингида ҳатто биринчи ўттизталикка ҳам кира олмади. Бу кўп жиҳатдан уй-жой нархининг ҳаддан ташқари қимматлиги билан изоҳланади.

Масалан, Дания пойтахти Копенгаген дунё шаҳарларининг умумий рейтингида 18-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, ҳаёт сифати бўйича бор-йўғи 160-поғонага жойлашди. Бунга уй-жой таклифининг чекланганлиги ва нархларнинг юқорилиги сабаб бўлди. Ваҳоланки, Копенгаген бошқарув сифати бўйича дунёда биринчи ўринда туради, «Атроф-муҳит» ва «Иқтисодиёт» тоифаларида ҳам кучли кўрсаткичларга эга.

Худди шундай ҳолат Канаданинг Ванкувер шаҳрига ҳам хос. Ванкувер умумий рейтингда 24-ўринда бўлса-да, ҳаёт сифати бўйича 215-ўринга тушиб кетган. Шаҳарда фаол ҳордиқ чиқариш инфратузилмаси ва умр кўриш давомийлиги юқори бўлса-да, уй-жой харажатларининг ўта қимматлиги унинг якуний баҳосини сезиларли даражада пасайтириб юборган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг