Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аксилкоррупция агентлиги: тўртта йирик давлат хариди бекор қилинди

Аксилкоррупция агентлиги: тўртта йирик давлат хариди бекор қилинди

Фото: Xabar.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида умумий қиймати 1 млрд. сўмдан ортиқ бўлган қуйидаги давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Жумладан:

- Ангрен шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида жорий йилнинг 15 февраль куни амфитеатр темир конструкцияларини олиб келиш хизмати юзасидан ўтказилган 200,0 млн сўмлик;

- Жарқўрғон туман ҳокимлиги буюртмачилигида жорий йилнинг 21 февраль куни байрам тадбири учун совғалар сотиб олиш ва байрам дастурхони ёзиш юзасидан ўтказилган 309,0 млн сўмлик;

- Оқолтин туман Тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида жорий йилнинг 28 февраль куни лаборатория таҳлиллари хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 300,0 млн сўмлик;

-  Урганч ихтисослаштирилган мақом санъати мактаб-интернати буюртмачилигида жорий йилнинг 22 февраль куни аутсорсинг хизмати юзасидан ўтказилган 371,1 млн сўмлик давлат харидлари.

Ушбу давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Низомнинг бир қатор талаблари бузилишига йўл қўйилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга Агентликнинг тақдимномалари киритилди.

Агентликнинг тақдимномаларига биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилиниши таъминланди.

Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишига йўл қўйган шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг