Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФА президенти Беҳзод Йўлдошев вафот этди

ФА президенти Беҳзод Йўлдошев вафот этди

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ФА хабар берди.

Қайд этилишича, юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда таниқли ва эътироф этилган олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик Беҳзод Йўлдошев 2024 йилнинг 28 август куни 79 ёшида вафот этган.

Беҳзод Йўлдошев 1945 йил Тошкент шаҳрида туғилган. У 1968 йилда ТошДУни тугатган. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида илмий ходим (1968—83), директор (1990 йилдан) бўлган. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири (1984—90). Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (2000-2006) сифатида фаолият юритган.

Илмий ишлари юқори энергиялар физикаси, ядровий физика ва элементар зарралар физикасига оид. Беҳзод Йўлдошев раҳбарлигида Ядро физикаси институтида жаҳон стандартларига мос келувчи радиоизотопларни кенг кўламда ишлаб чиқариш ва четга сотиш ишлари йўлга қўйилди; маҳаллий тоғ-кон саноати чиқиндиларидан асл ва нодир металларни қўшимча равишда ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди.

Беҳзод Йўлдошев Вашингтон университети физика факултети профессори сифатида юқори энергияли нейтриноларнинг ўзаро таъсирида бўладиган ядровий эффектларни ўрганиш бўйича илмий лойиҳага раҳбарлик қилган. 

Беҳзод Йўлдошев бир қанча халқаро академиялар ва халқаро жамиятлар аъзоси, хорижий университетлар фахрий доктори бўлган.

Xabar.uz таҳрияти марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг