Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нок дарахти, харили уй, ўта қаҳрли қиш...

  Нок дарахти, харили уй, ўта қаҳрли қиш...

Фото: сунъий интеллект

Бу ёруғ оламга келган ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти, яхши-ёмон кунлари бўлгани каби, бошқа жонзотлар, дов-дарахтлар, улкан бино ва иншоотлар ҳам ўзига яраша тариху тақдирга эга бўлади, деган гапни эшитганмисиз?

Раҳматли дадам 82 йил умр кўрдилар. Катта акам Умаржон ҳофиз: «Худо хоҳласа дадамнинг ёшига етаман», дердилар. Ниятлари ижобат бўлди.

Ҳовлимизда бир туп нок бўларди. Дадам: «Умаржон туғилган йили экканман», дердилар. Меваси йирик, серсув, пўсти хол-холак, мазаси бошқа ноклардан фарқ қилади. Шу нок ҳовлимизда роса тўқсон йил яшади, шунча вақт мева берди. Бир марта касалланиб, танаси эгилиб, ёрилиб, шохлари қурий бошлаганини биламан.

Раҳмонжон акам: «Ҳа, бўлдими, қуримоқчимисан, мана сенга», деб у ер-бу ерини арралай бошлаган эди, айвонда ёнбошлаб ётган дадам ҳай-ҳайлаб тўхтатдилар, «Қўй, арралама, Худо хоҳласа тузалиб кетади, мана кўрасан, ҳали кўп нок еймиз», дедилар.

Шундай бўлди ҳам. Баҳорда нок қаддини ростлади, ён шохлари ўсиб, танасидаги жароҳатлари битиб кетди.

Дадам эллигинчи йилларнинг бошида бир кишидан йигирма сўмга бир туп бақатерак сотиб олган эканлар. Йўғон ва узун танасини усталарга тарошлатиб, харили уй қурганлар. Бундай уйнинг томига хари узунасига ётқизилиб, икки ёнига тўсинчалар устидан бир-бирига юзма-юз қилиб миндирилади, бошқа уйларга нисбатан кенг, иссиқ бўлади.

Шу уйда катта бўлганмиз. Орадан кўп йиллар ўтди, харили уйлар урфдан чиқди. Акаларим уйни янгилашди. Харини ҳовли четига олиб чиқиб қўйдик. Шу ерда бир-икки йил тургач, ҳовли четидаги янги  оғилхонамизнинг томига ишлатилди. Молхона бузилгач, бостирмага узун сарроб бўлиб ўтди.

Вақти келиб ҳовлини қайта қуриш навбати менга келди. Бостирмага ҳожат қолмади. Буздик. Икки учи чирий бошлаган хари яна ишсиз қолди. Бу орада дадам вафот этдилар. Харини кўтариб дарвозамиздан ташқарисига олиб чиқдик. Таъзияга келганлар устига кўрпача ёзиб, шу ерда дадамнинг руҳига тиловат қилишди. Маҳаллада бўладиган иссиқ-совуқ маъракаларда одамлар кўп йиллар унинг устида ўтиришди, кўп дуоларга гувоҳ бўлди. Кейин...

Бир йили қиш ўта қаҳрли келди. Кўмир йўқ, тезак оз. Умри якунига етган харини майдалаб ўчоққа ёқдик, чўғини сандалга кўмиб, омон-эсон баҳорга чиқиб олдик.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг