Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

«Эй соҳиби иқтидор, қаҳрамон Амриллосиз!» – Соғлиқни сақлаш вазири мадҳ этилган шеър эълон қилинди

«Эй соҳиби иқтидор, қаҳрамон Амриллосиз!» – Соғлиқни сақлаш вазири мадҳ этилган шеър эълон қилинди

Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Шодиевич Иноятов туғилган кунига бағишлаб тайёрланган лавҳа айланиб юрибди. Профессионал овоз билан ўқилган шеър матни усталик билан монтаж қилинган кадрларни тўлдириб боради. Аммо шеър сўзлари маъно жиҳатдан анча саёз, назмнинг оддий қоидаларига риоя қилинмаган тартибсиз ёзишмани эслатади.

Шеърда вазир «Улуғвор халқимизнинг ҳурматига лойиқсиз, бемор аҳлининг мудом иззатига лойиқсиз» дея алқансада, тасвирларда бирор бемор ёки оддий халқ вакили кўзга ташланмайди. Барча кадрлар Амрилло Иноятовнинг тантанали тадбирларда салобат билан кўриниш бергани, турли даражадаги раҳбарлар олдида лойиҳаларни тақдим этаётгани акс этган.

Лавҳа ким томонидан тайёрлангани, шеър дейиш қийин бўлган абгор сатрларни ким ёзгани маълум эмас. Аммо вазирга мақтовлар ва дастлаб соҳа вакилларининг саҳифаларида эълон қилинганидан англаш мумкинки, бу тизимдаги қуйи амалдорларнинг ташаббуси.

Мазкур ўзига хос табрикка вазирнинг муносабати ҳам аниқ эмас. Бироқ лавҳанинг расмий манбаларда чиқмасада, соҳа вакиллари саҳифаларида бир неча кун сақланганидан билиш мумкинки, Амрилло Иноятов бу ташаббусга рози бўлган ёки «Сукут аломати ризо» шаклида қаршилик билдирмаган.

Албатта, ҳар бир инсонни, ҳатто амалдорни таваллуд куни билан табриклашда бирор ёмонлик ёки қонун бузилиш ҳолати йўқ. Амрилло Иноятовни мадҳ этганлар ҳам эзгу ниятларда бўлган бўлсалар эҳтимол.

Лекин яқин бир йилнинг ўзида Соғлиқни сақлаш тизими иккита йирик, айтиш мумкинми даҳшатли инқирозни бошдан кечирди ва улар бутун жамиятни ларзага келтирди. «Док 1 Макс» дориси соҳанинг нақадар коррупция ботқоғига ботиб кетганини кўрсатган бўлса, йод препаратларидан оммавий заҳарланиш бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимнинг ўзи йўқлигини намоён қилди. Вазир дорилар харидига оид саволларга «Чуқурлашманглар» дея изоҳ берди.

Энг ачинарлиси – бу камчиликлар жафосига 60 дан ортиқ бегуноҳ гўдаклар ўз жонларидан айрилишди. Бундан ташқари ҳам соҳа чуқур ислоҳотга зарурат сезиб турган бир пайтда вазирнинг бу тарзда мадҳ этилиши ҳамда бу лавҳа «ўта камтарлик» билан жамоатчиликка сиздирилишини ҳазм қилиш қийин. Испанча уят!

Умуман олганда Ўзбекистоннинг янги тарихида раҳбарни шеър ва қўшиқларда очиқ мадҳ этиш амалиёти олдин ҳам бир неча бор кузатилган. Жумладан 2020 йилда «Бизни бошлаб зафарга, элни бошлаб ҳашарга, Юртбошимиз ишонган, ҳоким келди шаҳарга» дея Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов мадҳ этилганди.

Қуйида Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга атаб ёзилган шеър матни ва лавҳанинг ўзини тақдим этамиз:

«Балога юз тутганлар жонига жон бўлдингиз

Томирига қон танига бўлиб жон бўлдингиз

Мадорсиз танга гўё ош ила нон бўлдингиз

Дардини қувиб тандан, шонга нишон бўлдингиз

Сизсиз дарёи табиб, қаҳрамон Амриллосиз!

 

Шубҳасиз парвардигор меҳрига лойиқсиз

Улуғвор халқимизнинг ҳурматига лойиқсиз

Бемор аҳлининг мудом иззатига лойиқсиз

Илму ҳикматнинг асл ҳикматига лойиқсиз

Эй соҳиби иқтидор, қаҳрамон Амриллосиз!

 

Юртбошимиз ҳамиша сизни қўллаб турибди

Жанговар меҳнат сари сизни йўллаб турибди

Ўзбек халқи дуони сизга айтиб турибди

Сизга кучу қувватни ҳақдан тилаб турибди

Ҳақ йўлда доим тайёр қаҳрамон вазирсиз

Эл дардига малҳам фидокор Амриллосиз!

Халқ суянган суянчиқ, табибу Амриллосиз!

 

Амрилло Шодиевич, таваллуд айёмингиз муборак бўлсин» – дея тугалланади лавҳадаги сўзлар.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг