Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ҲҲК Бразилиянинг C-390 Millennium самолётини қабул қилиб олди

Ўзбекистон ҲҲК Бразилиянинг C-390 Millennium самолётини қабул қилиб олди

Бразилиянинг Embraer компанияси Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига илк C-390 Millennium кўп вазифали ҳарбий-транспорт самолётини топширди. Топшириш маросими компаниянинг Бразилиядаги Гавиан-Пейшоту ишлаб чиқариш мажмуасида ўтказилди.

Маросимда Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурхонов ва «Ўзтехтрейд» давлат муассасаси директори Олимхон Бақиевич Рустамов иштирок этди.

Ўзаро шартнома 2024 йил охирида имзоланган бўлиб, у самолёт билан бирга мутахассисларни тайёрлаш, техник қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам назарда тутади.

Шу тариқа, Ўзбекистон C-390 Millennium самолётидан фойдаланадиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланди.

C-390 Millennium 26 тоннагача юк кўтариши, соатига 470 узел тезликда парвоз қилиши мумкин. Самолёт юк ва ҳарбийларни ташиш, ҳаводан юк тушириш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув, ёнғин ўчириш ва гуманитар операцияларда қўлланиши мумкин. У тайёрланмаган ёки вақтинчалик учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади.

Махсус жиҳозлар ўрнатилганда C-390 ҳавода бошқа самолётларга ёқилғи қуйиш ёки ўзи ҳавода ёқилғи қабул қилиш имкониятига эга.

Embraer компаниясининг маълум қилишича, мазкур самолёт Бразилиядан ташқари Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, БАА, Словакия, Колумбия ва Литва томонидан ҳам танланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг