Париждаги кўчалардан бирига Самарқанд номи берилди

Францияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Париж шаҳри мэри Анн Идальго билан учрашди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари пойтахт мэрини ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади, шунингдек, Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Анн Идальго Ўзбекистон раҳбарига олимпиада тадбирлари даврида жамоат хавфсизлигини таъминлашда кўрсатилган ёрдам учун ташаккур билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг ушбу ташрифи тарихий натижалар билан якунлангани – икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Тошкент ва Париж ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва алмашинувларни имзоланган битим асосида фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳарсозликни режалаштириш, "яшил" ҳудудлар барпо этиш, жамоат транспортини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, шаҳар коммуникацияларини модернизация қилиш ва улардан барқарор фойдаланиш борасида тажриба алмашиш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, ўзаро кўргазмалар, маданият ва санъат кунлари, сайёҳлик ва гастрономик фестиваллар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ва Париж мэри Ўзбекистон Президенти фахрий меҳмон сифатида Париж шаҳрида бўлгани тўғрисида қўшма ҳужжатни имзоладилар. Ушбу эсдалик ёрлиғи мэрия музейида намойиш этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter